August 30, 2018
Прописка бўйича қонунчилик такомиллаштирилди
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) бошқа давлатлардан келган ва доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати тасдиқланди.
Эндиликда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий прописка қилиш қуйидаги рўйхат асосида амалга оширилади:
- қонун ҳужжатларига мувофиқ сотиб олинган уй-жойга эга бўлган чет эл давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар – хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга;
- қариндошлар – мазкур Рўйхат кучга киргунга қадар ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига;
- эр (хотин) – хотини (эри) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига, башарти камида беш йил биргаликда яшаётган бўлса;
- васийлик ва ҳомийликдаги шахслар – васий (ҳомий) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига;
- ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар – ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига;
- давлат ташкилотларига ишга таклиф этиладиган мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек, уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) – мазкур шахслар лавозимда турадиган даврга;
- Ўзбекистонда туғилган ёки илгари доимий прописка қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар – доимий яшаш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга (Тошкент вилоятидан ташқари) қайтиб келганида.