Ҳисоб палатаси олий даражадаги ташрифларда имзоланган ҳужжатлар ижросини назорат қилади

by @huquqiy_axborot
Ҳисоб палатаси олий даражадаги ташрифларда имзоланган ҳужжатлар ижросини назорат қилади

Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Ҳисоб палатасига қуйидаги бир қатор қўшимча функциялар юклатилди:

  • олий даражадаги ташрифларда имзоланган ҳужжатлар ва инвестиция лойиҳаларининг маълумотлар базасини шакллантириш, уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
  • олий даражадаги ташрифларда имзоланган ҳужжатлар ва инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ижро этилиши устидан назорат қилиш;
  • чет-эллик ҳамкорлар ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар билан “телекўприк” ташкил этиш орқали олий даражадаги ташрифларда имзоланган ҳужжатлар ва инвестиция лойиҳаларининг ижросини мунтазам муҳокама қилиш.

Фармонга мувофиқ, Ҳисоб палатаси тузилмасида бу бўйича тегишли лавозим ҳамда шўъбалар ташкил этилди.

Шунингдек, Фармон билан Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлаш масалалари бўйича республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи тасдиқланди.

Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ва инвестиция лойиҳаларининг ижроси тўғрисидаги ахборотнинг “Ijro.gov.uz” тизими орқали ўз вақтида тақдим этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.

October 31, 2018
by @huquqiy_axborot