Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича самарали тизим яратилади

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси ҳамда биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Қарор билан тасдиқланган Концепцияда Ўзбекистон Республикасининг хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ва принциплари, ватандошларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.

Шу билан бирга, Концепцияда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар тушунчаси очиб берилди. Хусусан:

  • Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимо истиқомат қиладиган ёки таълим олиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, оилавий сабаблар ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб вақтинчалик чет элда юрган Ўзбекистон фуқаролари;
  • хорижга чиққан ва чет эл фуқаролигини олган, Ватанига маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни ҳис қилган ҳамда Ўзбекистон - Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар ва уларнинг авлодлари;
  • этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқада бўлиш хоҳишида бўлган хорижда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳисобланаши белгиланди.

Қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ қуйидаги муҳим вазифа ва тадбирлар белгиланди:

  • 2019 йил Самарқанд шаҳрида Ватандошлар халқаро форумини ташкил этиш ва ўтказиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлигини ёритиш мақсадида “UzBridge” ахборот-таҳлилий электрон журналини яратиш;
  • Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига сармоя киритиш, венчур фондларни, қўшма корхоналарни яратиш ва бошқалар бўйича ватандошлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
  • Ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини дунёга тарғиб этиш ва оммалаштириш учун Алишер Навоий номидаги Маданият марказини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиш.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари мазкур Концепция ва Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни сифатли ҳамда ўз вақтида бажариш ва ҳар чоракда уларни амалга ошириш ҳолати борасидаги маълумотни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Шунингдек, ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиқиб қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрсатилиши белгиланди:

  • кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистонда ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш;
  • юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш;
  • ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш;
  • давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш;
  • ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалаларини тўлиқ (қисман) молиялаштириш;
  • ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш;
  • соддалаштирилган тартибда фуқароликни бериш;
  • ватандошлар – хорижий фуқароларга Ўзбекистоннинг олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратиш;
  • ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини аккредитациядан ўтишини соддалаштириш;
  • Ўзбекистоннинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш.