Масжидларни рўйхатдан ўтказиш тартибини биласизми?
Ҳукуматнинг 2018 йил 31 майдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Мазкур низом қабул қилиниши муносабати билан илгари амалда бўлиб келган Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 июндаги "Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги қарор ўз кучини йўқотди.
Хўш қарор билан нималар ўзгарди?
Илгари амал қилган тартибга асосан қонун ва таъсис ҳужжатлари талаблари бузилган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган (Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари) диний ташкилотга энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима солишга ҳақли эканлиги белгиланган эди, янги қабул қилинган қарорда ушбу нарса назарда тутилмаган, яъни адлия органларидан диний ташкилотга жарима солиш ваколати олиб ташланган.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божлари камайтирилди.
Эндиликда, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун:
- диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари;
- бошқа диний ташкилотлар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.
Илгари бу миқдор диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараварини, бошқа диний ташкилотлар учун эса 50 бараварини ташкил этган.
Ушбу соҳадаги яна бир янгиликлардан бири диний ташкилот раҳбарлари диний маълумотни хорижий давлатда олган бўлса диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда унинг нострификацияланганлиги ҳақидаги ҳужжатни ҳам тақдим этиши лозим. Илгари бу нарса назарда тутилмаган эди.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилган.
Хусусан эндиликда қуйидаги ҳужжатларни топшириш талаб этилмайди:
- пул мaблaғлapининг ташкил топиш манбалари — далолатнома-декларация;
- диний ташкилот номланишининг ҳокимликда рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича фаолиятга ҳам "ягона дарча" тамойили жорий этилган.
Хусусан, эндиликда диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин СТИР ва КТУТ кодлари адлия органлари томонидан бир йўла тегишли гувоҳнома билан тақдим этилади.
Илгари бу ҳужжатларни ҳам диний ташкилот солиқ ва статистика органларидан ўзлари мустақил олиши лозим эди.
Илгари амал қилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда таъсис ҳужжатларининг дубликатларини беришда шунингдек диний ташкилотни тугатишда тақдим қилинадиган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати белгиланмаганлиги амалиётда муаммоларга сабаб бўлаётган эди. Мазкур камчиликлар янги қарорда бартараф этилди.
Ҳисоботлар сони ҳам камайтирилди. Эндиликда диний ташкилотлар бир йилда бир марта тегишли адлия органига ҳисобот тақдим этади.
Илгари ҳар чоракда ҳисобот тақдим этиши лозим эди.
Маълумот ўрнида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида эслатиб ўтамиз.
Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тегишлича Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Бошқа диний ташкилотлар, жумладан масжидларни рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларни топшириш керак:
- диний ташкилот тузиш ташаббускорлари бўлган ўн саккиз ёшга етган юз нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари имзолаган ва нотариал тартибда тасдиқланган ариза;
- таъсис йиғилиши баёни ва диний ташкилот устави;
- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати;
- диний ташкилот ташаббускорлари тўғрисидаги маълумотлар;
- диний ташкилотнинг раҳбар органи аъзолари тўғрисидаги маълумот;
- диний ташкилот раҳбарларининг диний маълумоти ҳақидаги ҳужжат нусхалари;
- Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилик хати;
- диний ташкилотнинг юридик (почта) манзили тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг (Қурилиш вазирлиги, Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг тегишли бўлинмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг розилик хати илова қилинган ҳолда) кафолат хати.
Рўйхатдан ўтказиш бўйича ариза бир ойлик муддатда кўриб чиқилади.