June 29, 2020

Хусусий нотариусликка имтиҳонлар бошланди

2020 йил май ойидан бошлаб давлат нотариусларининг 90 фоизидан ортиғи хусусий нотариус сифатида фаолият кўрсатишга ўтди. Натижада нотариуслар фаолияти мустақиллиги ва энг асосийси молиявий манфаатдорлигини оширди. Ҳозирги кунда иш бошлаган хусусий нотариуслар бир ойда ўртача 30 млн. сўмгача даромад олмоқда.

Хусусий нотариуслик ҳуқуқшунослар учун қонуний йўл билан катта миқдорда даромад кўриш имконияти бўлганлиги учун бу касбни эгаллашни истовчилар кўп.

Хўш хусусий нотариус бўлиш учун қандай талаблар бор ва кимлар бу касбни эгаллаши мумкин?

1. Маълумот ва малака талаби: Ўзбекисон Республикасининг
25 ёшдан кичик ва 65 ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.

2. Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас:

  • муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;
  • қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
  • нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс – уч йил мобайнида.

3. Малака имтиҳони топшириш учун ҳужжат қабул қилиш тартиби. Малака имтиҳонида қатнашиш учун ўз уйингиздан чиқмасдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки Республиканинг исталган жойидан, ўзингизга яқин жойдаги давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Бунда тегишли сўровнома тўлдирилади ҳамда сўровномага қуйидаги ҳужжатлар электрон тарзда илова қилинади:

  • олий маълумот тўғрисидаги диплом ёки ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;
  • меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимидан кўчирма.

Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида йиғим ундирилади.

4. Малака имтиҳонини ўтказиш тартиби. Малакаимтиҳони талабгорнинг назарий ва амалий билимларини аниқлаш мақсадида суҳбат тарзида ўтказилади. Суҳбат саволлари қуйидаги соҳалар бўйича тузилади:

  • давлат ва жамият қурилиши, ижтимоий-сиёсий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш;
  • фуқаролик ҳуқуқи;
  • нотариат.

Талабгор ҳар бир соҳа бўйича 1 тадан, жами 3 та саволга жавоб бериши керак. Малака имтиҳони 180 та савол доирасида ўтказилади. Саволлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Нотариат тўғрисида”ги Қонун, Фуқаролик кодекси ва нотариат соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатларидан олинади. Саволлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган.

Суҳбатда 55 фоизидан юқори балл тўплаган талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.

Малака имтиҳони жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида онлайн трансляция қилинади.

Малака имтиҳонидан мувофаққиятли топширган шахсларга хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Сиз юқоридаги талабларга жавоб берсангиз Ҳуқуқшунослик касблари ичида энг сердаромад касб бўлган нотариусликка малака имтиҳонини мувафаққиятли топшириб, лицензия олинг ва хусусий нотариус сифатида фаолиятингизни бошланг.

Қўшимча маълумот олиш учун:

Тел. 71-207-04-51;

e-mail: [email protected].