June 15, 2019

Бухорода 17 минг ишсиз аёл иш билан таъминланади

Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди (2019 йил 14 июнь, 495-сон).

Қарор билан 2019 йилда Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Унга кўра, вилоятдаги оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ва ногиронлиги бўлган 246 нафар хотин-қизларни ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлаш, ишлаш истагидаги 2 261 нафар аёлни “устоз–шогирд” тизими асосида ҳунармандчиликка ўргатиш назарда тутилган.

Дастурга асосан, хотин-қизлар кутубхоналари учун ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳалари ёритилган, тарбиявий аҳамиятга эга 270 турдаги асарни 20 минг нусхада чоп этиш режалаштирилган.

Бухоро шаҳри, Олот, Ғиждувон ва Қоракўл туманларини “салбий ҳолатлардан холи ҳудудга айлантириш” бўйича аниқ чоралар белгилаш кўзда тутилган.

Қарор билан шунингдек, 2019 йилда Бухоро вилоятида ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашнинг йўналишлар бўйича тақсимоти ва манзилли рўйхати тасдиқланди.

Унга кўра, 540 маҳаллада жами 316 та лойиҳа амалга оширилади ҳамда 22 минг 436 янги иш ўринлари яратилади. Бу орқали эса 17 минг ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланади.

Қарорга мувофиқ, вилоятдаги оғир ижтимоий вазиятдаги уй-жойга муҳтож аёллар учун белгиланган 7 та тумандаги бинолар (улар тегишли туман ҳокимликлари томонидан бошқа биноларга алмаштириш мумкин) қайта ихтисослаштириш йўли билан реконструкция қилган ҳолда турар жойларга айлантирилади.

Бундан ташқари, қарор билан жорий йилда вилоятда ўз тадбиркорлигини ташкил этадиган хотин-қизларнинг туман (шаҳар)лар бўйича асосий параметрлари тасдиқланди.

Унга кўра, тадбиркорлик йўналишида жами 168 лойиҳанинг амалга оширилиши, бунга 7 млрд 477 млн сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган.

Қарорга мувофиқ, хотин-қизларни, айниқса, қийин аҳволга тушиб қолган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни ўқитиш дастури ишлаб чиқилади.

Нотинч оилалар ва жиноятчиликка мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ишлашда, улар ўртасида салбий ҳолатларнинг келиб чиқиши сабабларини бартараф этиш бўйича идоралараро ҳамкорликни таъминловчи электрон дастур тажриба тариқасида амалиётга жорий этилади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича алоҳида бошқарма ва унинг бўлимлари ташкил этилади.