December 20, 2018

Соғлом турмуш тарзининг фаоллик даражаси оширилади

Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан, 2019–2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ҳамда Дастури тасдиқланди.

Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида қуйидагиларга эришилади:

  • мева ва сабзавотлар истеъмолини 15 фоизга ошириш;
  • ош тузи истеъмолини 15 фоизга қисқартириш;
  • аҳолининг жисмоний фаоллигини 10 фоизга ошириш;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини 10 фоизга қисқартириш;
  • семириш ва қандли диабет касаллигига чалинган беморлар сонини ўсишини тўхтатиш;
  • тиббий муассасаларни жиҳозлар ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини 50 фоизга етказиш;
  • юқори хавф даражасига эга ва юқумли бўлмаган касалликка чалинган беморларнинг камига 50 фоизини дори-дармон терапияси билан таъминлаш;
  • барвақт ўлим ҳолатлари даражасини 10 фоизга қисқартириш. 

Дастур доирасида соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечиш бўйича, шу жумладан ишонч телефонлари ва “тезкор алоқа тармоғи” орқали қисқа маслаҳатлар бериш тизими жорий этилади.

Қарорга мувофиқ, ходимлар жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун зарур шароитларни яратиш – давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, Республика диетология ўқув-илмий маркази негизида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази, ҳудудларда Марказнинг бўлимлари, туманларда (шаҳарларда) бўлинмалари ташкил этилди.

Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш Марказ фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Ҳукумат томонидан 2019 йил 1 декабргача алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмолини чеклаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади.

2019–2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент тиббиёт академияси магистратурасининг янги “Нутрициология” йўналиши очилади.

Шунингдек, қарор билан эндиликда давлат органлари ва ташкилотларида:

  • иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;
  • ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия тадбирларида иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни”;
  • ходимлар орасида спорт мусобақалари жорий этилади.

Давлат органлари ва ташкилотларида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади.

Аҳолининг кенг қатламлари орасида “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестлари ўтказилади.