September 25, 2018

Адлия вазирлиги: онлайн мурожаат акциясида 620 дан ортиқ масалалар кўриб чиқилди

Хабарингиз бор, Адлия вазирлиги томонидан 2018 йилнинг 17-30 август кунлари “Инсон ҳуқуқлари бўйича онлайн мурожаат” акцияси ўтказилган эди. Мазкур ўтказилган акция доирасида 620 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

Мурожаатларга жавоблар муаллиф хоҳишига асосан, электрон почта ёки телефон рақами бириктирилган “Телеграм” мессенджери орқали юборилди.

Мурожаатларнинг 191 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя этиш, 152 таси меҳнат қилиш ҳуқуқининг кафолатлари, 88 таси ижтимоий таъминот олиш, 84 таси мулк ҳуқуқи, 59 таси таълим олиш, 31 таси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва 15 таси малакали тиббий ёрдам олиш билан боғлиқ бўлган масалалар ташкил этди.

Мурожаатларнинг 255 таси қаноатлантирилган бўлса, 323 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 42 таси эса тегишлилигига кўра бошқа ташкилотларга юборилди.

429 та мурожаат бевосита туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан кўриб чиқилиб, 26 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Акция доирасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 16 та тақдимнома ва 2 та огоҳнома киритилган бўлса, судларга 51 млн. сўмдан ортиқ суммага 3 та даъво аризаси киритилди, шунингдек тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 4 та маъмурий жавобгарликка ва 1 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар юборилди.

Хусусан, ТМЭК тавсиясига асосан Ромитан туманида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Б. Ҳамроевга иш берувчи томонидан унга мос келувчи иш берилмаганлиги натижасида меҳнатда майиб бўлганлиги сабабли соғлиғини тиклаш учун сарфлаган 30 млн. сўм миқдоридаги моддий зарарни ва 15 млн. сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисида Ромитан туман адлия бўлими томонидан судга даъво аризаси киритилди.

Шунингдек, Ғузор туман адлия бўлими томонидан фуқаро М. Хурсановнинг 3 млн. 700 минг сўм иш ҳақи ва унга етказилган 400 минг сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисида судга даъво аризаси киритилди.

Фуқаро З. Сариеванинг мурожаати жойига чиқиб ўрганилмаганлиги ва унга ўз вақтида жавоб берилмай қолганлиги учун ҳуқуқбузар С. Досовга нисбатан Тўрткўл туман адлия бўлими томонидан баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди. Шу каби, мурожаатни кўриб чиқиш тартиби бузилганлиги сабабли ҳуқуқбузар Ш. Ҳафизовга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Бойсун туман адлия бўлими томонидан судга юборилди.

Акция доирасида Янгибозор туман адлия бўлимининг 2018 йил 25 августдаги 92-сон тақдимномасига асосан, фуқаро Г. Кучкарова Янгибозор туман ДСЭНМга аввалги лавозимига ишга тикланди.

Ҳудди шундай, фуқаро В. Шокиров билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ Меҳнат кодекси талабларига зид равишда қабул қилинганлиги муносабати билан, уни бекор қилиш тўғрисида Косонсой туман адлия бўлими томонидан тақдимнома киритилди.

Шу билан бирга, фуқаро С. Шерматованинг ёш оилалар учун қуриб битказилган уйида аниқланган камчиликлар юзасидан мурожаати Навбаҳор туман адлия бўлими томонидан туман ҳокимлиги иштирокида кўриб чиқилиб, хонадонни таъмирлаш ишлари ташкиллаштирилди.

Фуқаро Д. Қудратованинг мактаб директори томонидан асоссиз равишда дарс соатлари қисқартирилганлигидан норозилиги ҳақидаги мурожаати Кармана туман адлия бўлимининг аралашуви билан ижобий ҳал этилди. Фуқаро Д. Қудратовага 13 соат дарс тайинланиб, синф раҳбарлигига қайта тайинланди.

Бундан ташқари, акция давомида фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга моддий ёрдам пулини нафақат доимий яшаш жой бўйича, балки вақтинча ёки ҳисобда турган жойда ҳам олиши мумкинлиги юзасидан тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.

Юқоридагиларга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини янада ошириш ва уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан бу каби онлайн акцияни доимий равишда ўтказиб бориш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси . Адлия вазирлиги