Мавзули экспресс-ўрганиш солиқ назорат шакли сифатида киритилди
Солиқ кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, мавзули экспресс-ўрганиш солиқ назорат шакли сифатида киритилди.
Мавзули экспресс-ўрганиш камерал назорат натижалари бўйича жойига чиққан ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун амалга оширилади.
Солиқ текширувларининг турлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
тадбиркорларнинг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган текширувлар;
ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлар. Илгари режали ва режадан ташқари текширувлар амалда бўлган.
Ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган текширувлар жумласига қуйидагилар киради:
- молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш);
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўтказиладиган текшириш ёки таваккалчиликни таҳлил этиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органлари ташаббусига кўра текшириш.
Ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлар жумласига қуйидагилар киради:
- юридик шахс тугатилиши билан ўтказиладиган текшириш;
- рухсатномаларсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилинишини текшириш;
- қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини текшириш;
- тақиқланган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши фактларига барҳам бериш бўйича текширув;
- ўз фаолиятини расман тўхтатиб турган давр мобайнида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни давом эттираётган жисмоний шахснинг фаолиятини текшириш.
Қонун 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.