January 17, 2019

Таълим сифатини назорат қилиш такомиллаштирилади

Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

2019 йил 1 мартдан қуйидагиларнинг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) тан олинади ва нострификация қилинади:

  • Ўзбекистонда алоҳида бўлинмалари бўлган хорижий таълим муассасаларида ўқиган фуқароларнинг;
  • халқаро рейтингда биринчи 1000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларида ўқиган фуқароларнинг;
  • вазирлик ва идораларининг йўлланмалари асосида хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг;
  • 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқароларнинг;
  • Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг;
  • Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларида таълим олган фуқароларнинг;
  • вазирлик ва идоралар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан хорижда таълим олган фуқароларнинг;
  • шунингдек, халқаро шартномалар, Президент ва Ҳукуматнинг қарорларида назарда тутилган ҳолларда.

Ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги аризалар фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Қарор билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига бир қатор қўшимча вазифалар юкланди.

Олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш ҳамда ушбу муассасаларда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш юзасидан ҳар чоракда Президент Администрациясига таклифлар киритиб боришга масъул бўлган Давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.

2019 йил 1 июнгача таълим сифатини таъминловчи ахборот тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.