Олимпия захиралари мактабларига қабул қилиш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори билан Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мактаб-интернатга ўқувчилар танлов асосида 6-синфдан қабул қилинади.
Ўқувчилар 20 июнь – 20 июль мобайнида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
- ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан мактаб-интернат директори номига ариза;
- туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси;
- тиббий маълумотнома;
- турар жойидан маълумотнома;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 8 та рангли фотосурат.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар 100 балли тизим бўйича баҳоланади ва умумий жисмоний тайёргарлик учун – 30 балл ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик учун – 70 балл ажратилади.
Касбий имтиҳонлар 21 июль – 28 июль мобайнида ўтказилади ва натижалар 1 августда эълон қилинади.
Натижалардан норози бўлган шахслар уч кун муддатда мактаб-интернатнинг қабул комиссиясига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда ўқувчининг ўқиши мактаб-интернатдан бошқа таълим муассасига кўчирилади:
- ўз хоҳишига кўра;
- аттестация комиссиясининг қарорига кўра;
- тиббий номувофиқлик бўлганда – врач хулосасига кўра;
- ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларни бузганда.