May 27, 2020

Концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинади

“Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ–6000-сон, 26.05.2020 й.) қабул қилинди.

🔰 Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилади;
  • концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинади;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ташаббуслари билан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режалари асосида ўтказилади;
  • Президент, Ҳукумат ва ҳокимнинг давлат тадбирларини ўтказишни назарда тутувчи қарорларида ушбу тадбирларни ташкил этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар буюртмачилари ва молиялаштириш манбалари кўрсатилади;
  • давлат органлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар хизмат кўрсатганда ёзма ва ҳақ эвазига шартнома тузилади (концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ходимлари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бундан мустасно).

Тадбирларга ижодкорларни жамоатчилик асосида жалб қилишга йўл қўйилмайди

Фармонга мувофиқ, Маданият вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмайди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилади ва улар таълим муассасаларига тўлиқ етказилади.

2020 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади.

Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилади

Фармонга мувофиқ, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилади.

Палата мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилот ҳисобланади.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилотлар ҳуқуқ эгалари томонидан берилган ваколат доирасида даъво билан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлаш муддати кечиктирилиб, кейинчалик бу бож айбдор тарафдан ундирилади.

Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилади.

Фармон билан Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилди.

Кўчма цирк томошалари учун рухсатнома олиш талаб этилмайди

Фармонга кўра, “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг бино ва иншоотлари реконструкция қилинади.

2020-2021 йиллар давомида ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:

• кўчма цирклар томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади;

ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари мазкур томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди;

• давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди;

• ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския, лапар) асраш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятидан олинган даромадларига солиқ солинмайди.