Давлат хизматларидан фойдаланишда Мобил-ID тизими жорий этилади
“Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–113-сон, 20.04.2022 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, 2022 йил 1 августдан:
- давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими (Мобил-ID тизими) жорий этилади;
- Мобил-ID тизими “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;
- шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш ДХМ ёки нотариал идора томонидан ёхуд ЯИДХП мобил иловаси орқали амалга оширилади;
- бевосита Марказлар ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабргача тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан БҲМнинг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади;
- Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин;
- фуқаронинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юбориладиган барча хабарномалар Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобил телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборилади.
Фармонга кўра, қуйидагилар аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда Адлия вазирлигининг келгуси беш йилликдаги устувор фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- “Фуқаро эътибор марказида” (Citizen – centric service) тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини модернизация қилиш;
- аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш даражасини кескин ошириш ҳамда иш юритишни “қоғозсиз” тамойил асосида олиб бориш;
- бизнес жараёнларини модернизациялаш усуллари (Business Process Reengineering) асосида ҳар бир давлат хизматини мақбуллаштириш, “бир дарча” тамойилини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш;
- давлат хизматларининг янги турларини йўлга қўйиш ҳамда ўз аҳамиятини йўқотган давлат хизматларини бирлаштириш ёки бекор қилиш;
- жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда инклюзив муҳитни яратиш;
- давлат органларининг ташаббуси асосида проактив давлат хизматлари ҳамда битта сўров бўйича ўзаро боғлиқ композит давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш;
- ўзига ўзи хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмаларини ошириб бориш.
Фармон билан 2022 йил 1 июлдан айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, 2022 йил 1 июндан 38 турдаги давлат хизматларини ЯИДХПда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
2022 йил 1 сентябрдан қуйидаги нодавлат ташкилотларга “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:
- тижорат банклари;
- телекоммуникация ташкилотлари;
- хусусий тиббиёт муассасалари;
- нодавлат таълим ташкилотлари;
- суғурта ташкилотлари.
“Электрон ҳукумат” тизими доирасида маълумотларни нодавлат ташкилотларга тақдим этувчи Рақамли маълумотлар платформаси ишлаб чиқилади.
- давлат органлари томонидан шахсга доир маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизими орқали сўраб олинганда шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига бу ҳақида хабарнома юборилади (бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган ҳолатлар мустасно);
- хўжалик бирлашмалари, давлат ташкилотлари ва муассасалари, “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланишга рухсат берилган нодавлат ташкилотлар томонидан ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишда шахсга доир маълумотлар унинг субъекти розилиги билан “Электрон ҳукумат” тизими орқали тақдим этилади. Бунда, маълумотлар тегишли ташкилотга шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамидан тасдиқ олингандан сўнг “Электрон ҳукумат” тизими орқали тақдим этилади.
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ОТМга ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади;
- Марказларда аҳоли ва тадбиркорларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи жойлар ташкил этилади.