September 10, 2020

Контрафакт маҳсулотга қарши курашда янгича ёндашув

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда “Anglesey food” МЧЖ хусусий компанияси ўртасида контрафакт маҳсулотлар савдосининг олдини олиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни ташкил қилиш ҳамда компания тармоғига кирувчи супермаркетларни контрафактсиз ҳудудга айлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Интеллектуал мулк агентлиги директори Тўлқин Абдусаттаров таъкидлаганидек, меморандумни имзолашдан кўзланган мақсад контрафакт маҳсулотлар айланмасининг олдини олиш, тадбиркорлар ўртасида ҳалол рақобатни таъминлаш, истеъмолчиларни қалбаки маҳсулотлардан огоҳ этиш, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун қонуний жавобгарликни кучайтиришдан иборат.

“Сиз энг яхшисига лойиқсиз! Контрафактга кўнманг!” шиори остида ўтказилувчи тарғибот лойиҳаси орқали республикамиз барча вилоятларидаги йирик савдо шахобчаларида босқичма-босқич контрафактсиз ҳудуд яратиш ва бунинг натижасида фуқароларга кўрсатилаётган савдо ва хизматлар соҳасида интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларининг ва истеъмолчилар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳамкорликда ҳимоя қилиш, маҳсулотларнинг ўзга шахсларга тегишли бўлган товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа маҳсулотларнинг реклама қилинишининг олдини олиш кўзланган.

Фаррух Файзиев, Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи:

— Меморандум доирасида истеъмолчилар “ANGLESEY FOOD” МЧЖ хусусий компанияси савдо дўконларида сотилаётган маҳсулотлар бўйича Агентликка сўров йўллаш орқали маҳсулотларнинг контрафакт ёки контрафакт эмаслиги бўйича мутахассис фикрини олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шу билан бирга, агентлик мутахассисларини жалб қилган ҳолда компанияда хизмат қилаётган ходимларнинг интеллектуал мулк соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиб борилади.

Агентликнинг контрафакт маҳсулотлар савдоси олдини олиш йўлида олиб бораётган ташаббусига ўзига ишонган тадбиркорлар ҳамкорликка қўшилиши ва бу борада ўз таклифларини билдириши мумкин. Сабаби ушбу ташаббус ҳалол тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган тараф манфаатлари учун хизмат қилади.

Агентлик лойиҳа орқали барча ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган ҳалол тадбиркорларни ҳамкорликка чақириб, ўз маҳсулотларининг контрафакт нусхасига дуч келган тақдирда интеллектуал мулк агентлигининг 1008 ёки (71) 232-50-50 ишонч телефонлари ҳамда @ima_monitoring_bot телеграмм боти орқали хабар бериш имкони яратилди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги мазкур лойиҳа орқали тадбиркорларни ҳалол рақобатга киришишни таъминлаш, ўз товар брендига эга ишлаб чиқарувчилар бизнесини ҳимоялаш, савдо расталарида контрафакт маҳсулот айланмасини чеклаш ҳамда аҳоли орасида сифатли, ишончли маҳсулотларни харид қилишни тарғиб қилади.

Очиғини айтиш керак, илгари агентлик фаолияти давомида халқ истеъмоли ва эҳтиёжи учун хизмат қилувчи ташкилотлар билан бу каби ҳамкорлик асосида келишувлар имзоланмаган. Янги кўзланган мақсад асосида йўлга қўйилган ҳамкорлик натижалари контрафактсиз маҳсулот ҳудудларини кенгайтиришдаги дастлабки қадамлардан бири десак адашмаймиз.

Тадбир доирасида Корзинка.уз савдо тармоғининг “Шедевр” филиалида контрафактсиз ҳудуднинг очилиш маросими ўтказилди.