51 та туман ва шаҳарда “Олтиариқ тажрибаси” асосида узум плантациялари ташкил қилинади
“2023–2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–260-сон, 03.08.2023 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2023–2024 йилларда:
- 187 614 гектар майдонда янги узумзорлар барпо қилинади;
- республиканинг 51 та туман ва шаҳрида “Олтиариқ тажрибаси” асосида ҳар бири 2–2,5 минг гектар ер майдонларида узум плантациялари ташкил этилади.
- Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни етиштиришга ажратиладиган маблағлари ҳисобидан янги узумзорларни барпо қилиш, кўчат тайёрлаш ва “in-vitro” лабораторияларини ишга тушириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
Бунда Жамғарма маблағлари “Қишлоқ қурилиш банк” АТБга Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс сифатида жойлаштирилади ҳамда лойиҳа ташаббускорларига 10 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли давр билан) 2 фоиздан кўп бўлмаган маржа билан тижорат кредити ажратилади;
- Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги тадбиркорларга узум плантацияларида агротехник тадбирларни ўтказиш, янги токзорларни барпо этиш ва бошқа хизматларни кўрсатади.
Бунда янги узумзорларни 1 гектардан 10 гектаргача бўлган майдонларда барпо қилиш бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилади, йирик узумчилик плантацияси шаклидаги лойиҳалар “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ кредитлари ҳисобидан амалга оширилади;
- техник навли узум плантацияларини яратиш ҳамда узум, мевалар ва резаворлардан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига компенсация ва кафилликлар берилади.
2024 йил 1 февралгача узумчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатлар илмий муассасалари ҳамда илғор тажрибага эга халқаро ташкилотлардан 100 нафарга яқин соҳа мутахассислари жалб қилинади.
Хориждан келтирилган совуққа чидамли, уруғсиз, ҳосилдорлиги юқори 34 хилдаги узум навларини “in-vitro” лабораторияларида республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитига мослаштириш бўйича синов-тажрибалар ташкил қилинади.
Қарорга кўра,“Made in Uzbekistan” бренди остида хорижий давлатларда миллий вино савдо уйларини очиш ҳамда вино маҳсулотлари экспортини тарғиб қилиш бўйича чоралар кўрилади.
Қарор билан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда давлат назоратини олиб бориш бошқармаси ташкил этилди.
Мазкур бошқарма истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятига лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш ишларини ташкил этишга масъул ҳисобланади.