December 2, 2020

Адлия вазирлиги: ортиқча ҳужжат талаб қилганлиги учун олий таълим муассасаларига чоралар кўрилди

Сўнгги йилларда олий таълим тизимини модернизация қилиш, қабул жараёнларига замонавий технологияларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан, айрим олий таълим муассасалари энди катта ҳаётга йўл олаётган абитуриентлардан ортиқча ҳужжат сўраш ҳамда замон талабларига тўғри келмайдиган қўшимча талаблар ўрнатиш орқали эскирган усулларда ишлашда давом этишмоқда.

Жумладан, адлия органлари томонидан Самарқанд вилояти мисолида сўров орқали ўтказилган ўрганиш натижаларига асосан фуқаролардан талаб қилиш тақиқланган ҳужжатлар олинганлиги, қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларига зид равишда расмий ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинганлиги ва бошқа бюрократик ғовлар мавжудлиги аниқланди.

Мисол учун, Самарқанд давлат чет тиллар универститети абитуриентлардан фуқаролик паспортидан нусха, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома, жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия тизимига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома каби ҳужжатларни тақдим этишни асоссиз равишда талаб қилган.

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриент ҳақидаги зарур маълумотларни Давлат тест марказининг махсус дастурига киритиб абитуриентга асл ҳужжатларни қайтариши назарда тутилган.

Шунга асосан, Адлия вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари томонидан ортиқча бюрократик ғов ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли тақдимнома киритилди.

Унинг натижасига кўра 10 нафарга яқин олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимларига турли интизомий жазо чоралари кўрилди.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мазкур қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан адлия органлари тизимли ишларни амалга оширишда давом этади.

Шунга кўра, фуқаролар томонидан бюрократик ғов ва тўсиқларнинг ҳар қандай кўринишига дуч келган тақдирда ёки бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар мавжуд бўлганда адлия органларига мурожаат қилишни сўраймиз.

Адлия вазирлиги