Товарларни ҳудуд бўйича идентификациялаш тартиби белгиланди
“Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–757-сон, 03.03.2022 й.) Президент томонидан имзоланди
Қонунга кўра, географик кўрсаткич товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белгидир.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Географик кўрсаткич муайян географик объектда жойлашган ва ушбу объектнинг номидан ўзи ишлаб чиқараётган товарни белгилаш учун фойдаланаётган бир неча юридик ёки жисмоний шахснинг талабномасига кўра рўйхатдан ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистондан ташқарида доимий яшайдиган жисмоний шахслар ва чет эл юридик шахслари географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказишга ҳамда географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани беришга доир ишларни Агентликда рўйхатдан ўтказилган патент вакиллари орқали амалга оширади.
Талабноманинг давлат экспертизаси Агентлик томонидан амалга оширилади ҳамда у расмий экспертизани ва талабномада ифодаланган белгининг экспертизасини ўз ичига олади.
Талабноманинг расмий экспертизаси талабнома Агентликка берилган санадан эътиборан 15 кунлик муддатда амалга оширилади.
Талабномада ифодаланган белгининг экспертизаси талабнома кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин 1 ой ичида ўтказилади.
Давлат экспертизаси натижалари асосида Агентлик географик кўрсаткични ёки географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини реестрда рўйхатдан ўтказишни патент божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат олинган санадан эътиборан 3 иш кунида амалга оширади.
Қонунга кўра, географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома унинг эгасининг географик кўрсаткичдан гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайди.
Гувоҳнома географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи реестрда рўйхатдан ўтказилганидан кейин 3 иш куни ичида Агентлик томонидан берилади.
Гувоҳнома талабнома берилган санадан эътиборан 10 йил давомида амал қилади.
Географик кўрсаткичларни ёки географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун патент божлари олинади.
Юридик ва жисмоний шахслар географик кўрсаткични бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказишга ҳақли.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.