Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака имтиҳонини ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори (4-сон, 05.01.2022 й.) билан Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди
Маъмурий регламентга кўра, 2022 йил 1 январдан талабгор малака сертификатини олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари малака имтиҳонини ўтказиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб 1 кун муддатда талабгорни малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб 2 ойда камида бир марта ўтказилади.
Имтиҳонни ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисида маълумот имтиҳондан камида 15 кун олдин, имтиҳонга қўйилган талабгорлар рўйхати эса имтиҳондан 5 кун олдин ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Имтиҳонни топширишда талабгор паспорт, идентификация ID-картаси ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг аслини тақдим этади.
Имтиҳон тест синовлари (камида 75 та савол) орқали ўтказилади.
Умумий имтиҳон вақти 45 дақиқани ташкил этади.
70 фоиздан кам бўлмаган саволларга тўғри жавоб берган талабгор имтиҳондан ўтган ҳисобланади.
Имтиҳон натижалари 2 кун муддатда эълон қилинади.
Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир талабгор сертификат олган йилган ҳар 3 йилда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш курсларидан ўтишлари шарт.
Давлат хизматларини кўрсатиш учун БҲМнинг бир баравари (270 минг сўм), ЯИДХП орқали мурожаат этилганда мазкур сумманинг 90 фоизи (243 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.