Блогерларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Мажбуриятлари-чи?
Адлия вазирлиги муҳим саволларга тушунтириш беради
Бугунги кунда блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари ва инфлюэнсерлар фаолияти жамиятимиз ахборот майдонида катта аҳамиятга эга. Улар ахборот тарқатиш орқали юз минглаб, миллионлаб кузатувчиларга маълумот етказадилар ва у ёки бу ҳолат тўғрисида жамоатчилик фикрининг шаклланишига ҳисса қўшадилар. Пировардида, жамиятда очиқлик, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда блогерликнинг ва халқ журналистикасининг ўрни муҳим.
Сўнгги вақтларда Адлия вазирлигига блогерликнинг ҳуқуқий асослари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кўплаб саволлар келиб тушмоқда.
Шунга кўра Адлия вазирлиги соҳага оид муҳим саволларни умумлаштириб, амалдаги қонунчилик нормалари асосида қуйидаги жавобларни эълон қилади.
1. Блогер ким? Блог нима? Ижтимоий тармоқдаги саҳифалар ҳам блог ўрнига ўтадими?
Таъкидлаш жоиз, блог юритишни тартибга солиш бўйича алоҳида қонун ҳужжати мавжуд эмас. Фақатгина “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда блогер тушунчаси ёритилган, айрим нормалар келтирилган.
Блогер Интернетда ўз веб-сайти, веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс ҳисобланади.
Демак, ижтимоий тармоқ фойдаланувчисига тегишли бўлган, маълум бир мавзу доирасида янгилик ёки шарҳ чоп этиладиган, шахсий онлайн кундалик сифатида фойдаланиладиган ҳар бир саҳифа блог ўрнига ўтади.
Мисол учун, Телеграм мессенжерида очилган канал, гуруҳ ёки Фейсбук, Инстаграм, Одноклассники, Твиттер, Вконтакте ва ҳ.к. ижтимоий тармоқларида очилган шахсий саҳифа, гуруҳлар ҳам блог ҳисобланади. Чунки у ерга жойлаштирилган маълумотларни кўпчилик кўради, эшитади. Демак, ушбу саҳифалар ахборот тарқатувчи манба ҳисобланади. Бундай саҳифани юритувчи одам блог эгаси дейилади. Унга нисбатан қонунчиликда маълум ҳуқуқлар ва масъулиятлар белгиланган. Ҳар бир фуқаро интернет тармоғига маълумот жойлаш, улашиш ё тарқатишда мазкур ҳуқуқ ва мажбуриятларни яхшилаб билиб олгани фойдалидир.
2. Блогда ҳар қандай маълумотни чоп этиш мумкинми?
Сўз эркинлиги Конституция даражасида белгиланган бўлиб, барча фуқаролар каби блогерлар ҳам ахборотларни қидириши ва тарқатиши мумкин. Яъни улар учун алоҳида ҳуқуқ ёки чекловлар йўқ.
Бироқ ахборот тарқатишнинг ўзига яраша талаблари ҳамда қонунчиликда белгиланган қоидалари ҳам мавжуд.
Блогер ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифасида ёхуд бошқа ахборот ресурсидан қонунда тақиқланган маълумотларни тарқатиш мақсадларида фойдаланиши мумкин эмас.
Хусусан, Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик, терроризмни, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ва бошқа ахборотни тарқатиш мумкин эмас. Тўлиқ рўйхат бу ерда.
Умуман олганда, туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик бизнинг интернет технологиялари асримизга келиб ёки фақат Ўзбекистон ҳудудида жорий қилинган тартиб эмас.
Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлишидан аввал ҳам туҳмат ёки ҳақорат учун жавобгарлик мавжуд бўлган. Мисол учун, XX аср мобайнида амалда бўлган миллий қонунчилигимизда ўзгани оғзаки ёки ёзма равишда ҳақорат қилиш, туҳмат, яъни қасддан ёлғон, бошқа шахснинг шаънини камситувчи, уйдирмаларни тарқатганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик мавжуд бўлган.
Хориж тажрибасига мурожаат қилсак:
Германияда “Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни қўллашни такомиллаштириш тўғрисида”ги Қонун (“Facebook тўғрисида”ги Қонун деб ҳам аталади) амал қилади. Қонунда конституциявий тузумга, миллатлар ўртасидаги аҳилликка зид бўлган, нацизм ғояларини тарғиб этувчи, шахс, унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи, шахсий ҳаёт дахлсизлигига дахл қилувчи, болалар порнографияси билан боғлиқ маълумотларни тарғиб қилиш, ижтимоий тармоқларда тарқатиш тақиқланади. Швейцарияда ҳам туҳмат ва ҳақорат (Defamation) учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Албатта, хатодан ҳеч ким кафолатланмаган. Ахборотлар ва уларга сабаб бўлган вазиятлар ўзгариши, янги тафсилотлар ойдинлашиши мумкин. Шундай шароитда хатони тузатиш, тўғри маълумотни бериш, ҳатто ўз-ўзига раддия бериш ҳам мумкин. Хато тузатилса ва қилинган хато устидан ҳеч ким даъво қилмаса, блогерга жавобгарлик келиб чиқмайди.
3. Журналист текшируви бор, блогер текшируви-чи?
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг
9-моддаси журналист текшируви деб аталади. Унга кўра, журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга.
Миллий қонунчилигимизда блогерлар ҳам худди журналистлар каби текширув олиб бора олишини ёки блогерлар журналистларга оид ҳуқуқлардан фойдалана олишини назарда тутувчи қоида мавжуд эмас.
Шундай бўлса-да, Конституциямизнинг 29-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Демак, блогер ҳам ўзи истаган ахборотни излаши, олиши, чуқур ўрганиши ва ўрганиш натижаларини оммага эълон қилиши мумкин.
4. Нотўғри маълумот тарқатганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Қонунчиликка кўра, тарқатилган ҳар қандай ноқонуний ахборот/маълумотлар, даъват, ҳақорат ва туҳмат юзасидан тегишли жавобгарлик белгиланган. Бунда ноқонуний маълумотлар блогерлар томонидан тарқатилганида, улар бошқа барча учун белгиланган умумий нормалар асосида жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билишлари лозим.
Олайлик, фуқаро А. фуқаро С. билан ораларида низо борлиги сабабли ўзининг телеграм тармоғидаги канали (гуруҳи) орқали С.ни шарманда қилувчи уйдирмаларни (туҳмат) тарқатган, ҳақорат қилган ёки шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузган. Мазкур ҳолат биринчи маротаба содир этилганида, фуқаро А. Маъмурий жавобгарликка, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганда эса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жавобгарлик миқдори БҲМнинг 50 баравари (15 млн сўм)дан 400 бараваригача (120 млн сўмгача) ёки 3 йилгача озодликни чеклаш бўлиши мумкин.
5. Шахсий фикр сифатида берилган материалларга ахборот тарқатиш масъулияти ва жавобгарлиги татбиқ этиладими?
Шахсий фикр бу шахснинг у ёки бу факт ёки ҳодисани ўз нуқтаи назаридан талқин қилиши ёки таассуротини баён этиши ҳисобланади. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимизга фаол кириб келиши натижасида фуқаролар томонидан ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш имконияти кенгайди.
Айни пайтда ушбу мулоҳазаларни кўпчилик кўришини ҳам ҳисобга олиш керак. Шунга кўра, шахсий фикр ҳам кўпчилик кўрадиган манбаларда ёзилганида, қонунчилик талабларига мувофиқ, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилмайдиган, туҳмат ва ёлғондан холи тарзда ифодаланиши лозим. Қонунчилик талабларида шахс қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернетда тарқатиш мумкин эмаслиги белгиланган.
Ахборот тарқатилаётганда ахборот тарқатувчига унинг ҳаққонийлигини текшириб кўриш мажбурияти қонун билан юкланган. Бу бутун дунёда тан олинган стандартдир.
Кўп ҳолларда ижтимоий тармоқларда аноним профиллар орқали ноқонуний ахборот тарқатилиши кузатилади. Бунда профил эгаларини топиш имкони бўлмаслиги мумкин. Лекин ушбу ахборотни тарқатган ёки улашган (“репост”) эгаси аниқ саҳифалар ва профиллар эгалари ёки гуруҳ маъмурлари жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунинг учун, шахси ноаниқ, аноним ёки шубҳали профиллар орқали тарқатилаётган ахборотларга блогерлар, саҳифа (гуруҳ)лар эгалари ҳамда маъмурлари алоҳида аҳамият беришлари зарур, чунки ахборот мазмуни бўйича масъулият уларга ҳам қонун билан юкланган.
Албатта, юқоридагилардан ўқиб умуман фикр билдиришдан чўчиш ёки ҳеч бир маълумотни улашмай ўтириш керак деган хулоса чиқмаслиги лозим. Шунчаки, блогларни улашаётганда унинг мазмун-моҳияти тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириб кўриш, маълумотлар ишончли манбалар билан тасдиқланмаган ҳолларда постни тарқатмаслик лозим.
6. Тарқатилган хабарга қарши томон муносабат/раддия бериши мажбурийми?
Баъзан текширилмаган маълумот тарқатиб, пост якунида “бу бўйича тегишли шахснинг муносабатини кутамиз” деган мазмундаги жумлани қистириб ўтиш ҳоллари учрайди.
Тарқатилган маълумот, ахборотга раддия берилишини талаб этиш жисмоний ёки юридик шахснинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Шунинг учун ташкилот ёки қайсидир шахс раддия бермасдан туриб, тўғридан тўғри суд ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, ахборот тарқатувчининг жавобгарлик масаласини кўриб чиқишни сўраши мумкин.
Фуқаролик кодексига кўра, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, раддия беришни ҳамда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни суд орқали талаб қилишга ҳам ҳақли. Яъни, маълумотнинг тўғрилигини исботлаш мажбурияти ахборот тарқатувчи зиммасига юкланган.
7. Айбсизлик презумпцияси нима, унга риоя этилиши шартми?
Конституциямизнинг 26-моддасига кўра, “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”.
Айбсизлик презумпцияси ўзида 3 та асосий қоидани мужассамлаштирган.
- Биринчиси, шахснинг айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
- Иккинчиси, шахс ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Шахснинг айбсиз ёки айбдор эканлигини исботлаш масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юклатилган.
- Учинчиси, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.
Ахборот тарқатувчи англаши зарурки, инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб топилган ҳеч бир давлатда ҳатто одам ўлдирган шахс ҳам суднинг ҳукми қонуний кучга киргунига қадар айбсиз ҳисобланиб, унга нисбатан “жиноятчи”, “айбдор”, “фирибгар” “ўғри”, “порахўр”, “экстремист” каби сўзларни қўллаш мумкин эмас.
Оддий қилиб айтадиган бўлсак, суднинг қарори қонуний кучга кирмагунча ҳеч кимнинг бирон бир шахсни айбдор деб малакалашга, ҳукм ўқишга мутлақо ҳаққи йўқ.
8. Блогернинг реклама фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи борми? Бўлса, қандай тартибда?
Реклама тарқатувчи жисмоний ёки юридик шахс бўлиши мумкин. Реклама ишлаб чиқариш ва жойлаштириш лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланмайди, шу сабабли ушбу хизматларни кўрсатиш учун лицензия талаб этилмайди. Демак, блогер ҳам реклама фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Реклама фаолияти шартнома асосида амалга оширилади. Тарафлар шартномада реклама бўйича барча шартларни келишиб олишлари, қонунчиликда тақиқланган нарсаларни реклама қилишдан тийилишлари лозим.
Ўзбекистонда даромад топувчи ҳар қандай шахс солиқ тўловчи ҳисобланади. Хусусан, реклама қилиб даромад топган жисмоний шахслар даромадларидан 12 фоиз миқдорида даромад солиғи тўлайди. Тўланган солиқлар тўлалигича давлат бюджетига тушади.
Шу билан бирга, айрим фаолият турлари Солиқ кодексига мувофиқ даромад солиғидан озод қилинган. “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, ўзини-ўзи банд қиладиган шахслар ахборот коммуникация соҳасида хизмат кўрсатиш – ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менежер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси) тури бўйича рўйхатдан ўтган бўлса, даромадлари жами даромадлари таркибига киритилмаслиги учун даромад солиғидан озод қилинади.
9. Блогер постларига ёзилган шарҳлар учун ҳам жавобгарми?
Блогер саҳифасида жойлаштирилган ахборотга фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда ноқонуний маълумотлар аниқланса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан блогерга тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилади.
Ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан тақиқланган ахборотни олиб ташлаши, шунингдек, бу тўғрида АОКАни хабардор қилиши лозим.
Агар тарқатилиши тақиқланган ахборот 24 соатдан кечиктирмасдан блогер томонидан олиб ташланмаса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиниши мумкин.
Шунингдек, манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар ҳам ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида блогпост эгасидан ўзларига оид постларга қолдирилган туҳмат, ҳақорат ёки қонунчиликда тақиқланган бошқа ҳолатларга оид шарҳларни олиб ташлашни талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Чунки Ўзбекистон Конституциясининг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
10. Блогер исталган одамнинг тасвирини ижтимоий тармоққа жойлаштириши мумкинми? Тасвири жойлаштирилаётган шахсдан рухсат олиши керакми?
Шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи ажралмас ва дахлсиздир. Тасвирга бўлган ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаган шахс Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.
Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот. Шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи қонунчилик билан ҳимояланади.
Адлия вазирлиги бугунги кунда блогерларнинг аҳоли муаммоларни ечишда кўрсатаётган фаоллиги, фуқаролик позицияси, ижтимоий масъулияти ва қизғин, самарали фаолиятига муваффақият тилайди.
Мазкур тушунтиришлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари асосида тайёрланди. Блогерлар ўз фаолиятида дуч келаётган аниқ ҳуқуқий муаммолар юзасидан қўшимча ҳуқуқий ёрдам олиш тавсия этилади.