April 26, 2022

Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими соддалаштирилади

“Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–115-сон, 25.04.2022 й.) қабул қилинди

Фармонга кўра, 2022 йил 1 майдан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Бунда:

  • товарларни қадоқлаш, ўраш (шу жумладан, қайта ўраш), саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари ҳисобланади;
  • товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани тақдим этиш талаб этилмайди;
  • қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормалари қайта ишловчи субъект томонидан тасдиқланади ва божхона органига тақдим этилади;
  • айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга божхона органи томонидан умумий рухсатнома берилади;
  • махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторлар учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартиби қўлланилмайди;
  • қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштиришда божхона божи ундирилмайди.

Товарлар экспорти учун божхона йиғимлари ставкалари, имтиёзлар, преференциялар ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чоралар “реэкспорт” божхона режимида олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулотларига ҳам татбиқ этилади.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг мақсади товарларни таъмирлаш бўлса, товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома талаб этилмайди.

Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатнома ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси томонидан кейинчалик бошқа шахсга (агар ушбу шахс мазкур рухсатнома бўйича барча мажбуриятларни ўз зиммасига олса) ўтказилиши мумкин.

Фармонга кўра, Давлат божхона қўмитасида Божхона ҳудудида/ташқарисида қайта ишлаш божхона режимини такомиллаштириш бўйича бошқарма ташкил этилди.