Дзюдо ва қўл жанги спорт турлари янада ривожлантирилади
Дзюдо ҳамда қўл жанги спорт турларини янада ривожлантириш бўйича Президент қарорлари (ПҚ–286-сон, ПҚ–287-сон, 20.06.2022 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан анъанавий тарзда дзюдо спорт тури бўйича Ўзбекистонда қуйидаги мусобақалар ўтказилади:
- катталар ўртасида “Катта дубулға” халқаро турнири;
- Осиё чемпионати ғолиби ва Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси Учқун Муродов хотирасига бағишланган 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар ўртасида халқаро турнир;
- мактаб ўқувчилари ўртасида “Халқ таълими вазири кубоги”;
- ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида “Олий ва ўрта махсус таълим вазири кубоги”;
- Қуролли Кучлар тизимида “Мудофаа вазири кубоги”;
- 2024–2025 йилларда ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпионати.
Шунингдек, 2023 йил 1 январдан Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи Денов ҳамда Урганч дзюдо спорт маҳорати мактаблари (дзюдо мактаблари) давлат спорт-таълими муассасаси сифатида ташкил этилади.
Дзюдо мактабларига ўқишга 5-синфдан қабул қилинади ҳамда таълим олиш муддати 7 йил этиб белгиланади.
- умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо спорт турини ривожлантириш бўйича “Болалар учун дзюдо” дастури;
- мактабгача таълим ташкилотларида “Мактабгача дзюдо” лойиҳаси жорий қилинади.
2023 йилдан дзюдони ўқувчилар ўртасида оммалаштириш бўйича танланган мактабларни ўқув қўлланма, татами, аксессуар ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш учун ҳар йили 5 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.
“Болалар учун дзюдо” дастури доирасида қуриб фойдаланишга топширилган дзюдо залларида Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳузуридаги Дзюдо спорт клубининг филиаллари ташкил этилади.
Ўзбекистон Миллий университетида 2022/2023 ўқув йилидан “Дзюдо ва спорт фаолияти” бакалавриат таълим йўналиши очилади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида Ўзбекистон дзюдо академияси ташкил этилади.
Шунингдек, 2023 йилдан анъанавий тарзда қўл жанги спорт тури бўйича:
- ҳар йили Тошкент шаҳрида 14 январь ‒ Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган Қуролли Кучлар чемпионати ҳамда ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар хотирасига бағишланган Хотира турнири ташкил этилади;
- ҳар йили Наманган шаҳрида профессионал спортчилар ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги” халқаро турнири ўтказилади;
- ҳар икки йилда бир маротаба Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ёшлар ўртасида “Амир Темур кубоги” халқаро турнири ўтказилади.