Республика бўйича жами 2 899 та мактабда қурилиш ишлари амалга оширилади
“Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–241-сон, 11.05.2022 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида намунали мактаблар рейтинги шакллантирилади ва эълон қилиб борилади.
Рейтинг доирасида ҳар ўқув йили якунида мактаблардаги маънавий-маърифий ишлар ҳолати баҳолаб борилади.
Мактаблар рейтинг кўрсаткичлари асосида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.
Рейтинг кўрсаткичлари асосида “қизил” тоифага киритилган мактабларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Қарорга кўра, ҳар чоракда намунали ўқувчиларнинг ота-оналарини рағбатлантириш амалиёти йўлга қўйилади.
2022 йил 1 сентябрдан ота-оналар “my.maktab.uz” ахборот тизими орқали умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари билан танишиб бориши мумкин.
Қарорга кўра, 2023-2024 йилларда мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш бўйича дастурни молиялаштириш учун республика бюджетидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 200 миллиард сўм миқдорда маблағлар ажратилади.
2022/2023 ўқув йилидан 400 нафаргача ўқувчиси бўлган мактабларда Интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан юқори бўлганларда – камида 100 Мбит/с бўлиши таъминланади.
2022 йил 1 сентябргача фан ўқитувчиси ва мактаб директори лавозимлари учун танловда иштирок этишга онлайн ариза топшириш ва номзод ҳақида маълумотларни жойлаштириш имконини берадиган махсус электрон портал яратилади.
Қарорга кўра, 2022-2026 йилларда республика бўйича жами 2 899 та (жумладан, жорий йилда 433 та) мактабда қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
2022 йил 1 августгача умумий ўрта таълим муассасаларининг технология фани устахоналари ҳамда касб-ҳунар амалиёти хоналари намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилади.
- умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади. Бунда, умумий ўрта таълим ташкилотлари муддатдан олдин аттестация ва давлат аккредитациясидан шартнома асосида ўтиши мумкин;
- Умумий ўрта таълим ташкилотлари қуйидаги тартибда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади:
фаолият юритаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари – амалдаги аккредитация сертификатининг муддати тугаганидан сўнг 11 йил муддатга;
янги ташкил этиладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари – улар ташкил этилган пайтдан бошлаб (белгиланган тартибда лицензия олган пайтдан бошлаб) 11 йил муддатга;
- давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги жорий этилади;
- узлуксиз уч йил давомида фаолият самарадорлиги даражаси юқори бўлган давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларида текширувлар ташкил этишга 3 йил муддатга мораторий жорий қилинади (потенциал коррупциоген ҳолатлар бундан мустасно).
2025 йил 1 январгача халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.