March 31, 2020

Махсус рухсатнома учун машина тоифаларини қандай фарқлаш мумкин?

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги қарори билан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома расмийлаштиришнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.

Мазкур қарор билан махсус рухсатнома талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, ушбу рўйхатда N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари, “Тошшаҳартрансхизмат” АК таркибига кирувчи автобус саройларининг М2 ва М3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари ҳамда мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситалари ҳам киритилган.

Бироқ айрим фуқаролар автомашиналарининг ушбу тоифаларга тааллуқли ёки тааллуқли эмаслигини билишда қийинчиликка дуч келаётганликлари сабабли, тоифаларнинг бир-биридан фарқли жиҳатларини тушунтириб ўтамиз.

Биринчидан, М ва N тоифадаги автотранспорт воситаларининг бир-биридан энг асосий фарқи М тоифадаги автомашиналар йўловчиларни ташиш учун, N тоифадаги автотранспорт воситалари эса юк ташиш учун мўлжалланган бўлади.

Иккинчидан, М тоифадаги автомашиналарнинг ўзи ҳам М1, М2, М3 тоифаларга бўлинади ва буларнинг бир-биридан энг асосий фарқи автомашинадаги ўриндиқлар сони ва автомашинанинг энг катта вазни ҳисобланади.

Учинчидан, N тоифадаги автомашиналар ҳам N1, N2, N3 тоифаларга ажратилади ва уларнинг бир-биридан энг асосий фарқи автомашинанинг энг катта вазни ҳисобланади.

Қуйида тоифаларнинг тавсифи билан танишинг:

1. М1 тоифаси – йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари (оддий енгил автомашиналар). Мисол учун, Lасеtti, Spark, Damas, Malibu, Nexia ва ҳ.к.

2. М2 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 т дан ортиқ бўлмаган автотранспорт воситалари. Мисол учун, минивен, микроавтобус.

3. М3 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари. Буларга мисол қилиб автобуслари айтиш мумкин.

4. N1 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари. Мисол учун, транспорт тури юк ташувчи бўлган Damas, Van, Labo, Газель, Mercedes-Benz Sprinter, Гуран автомашиналари.

5. N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 12 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари. Масалан, “Isuzu” автофургонлари.

6. N3 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари. Масалан, давлатлараро юк ташувчи фургонлар.

Юқоридаги келтирилган тавсифлардан келиб чиқиб автомашинанинг қайси тоифага тааллуқли эканлигини қийинчиликсиз ажратиб олиш мумкин. Бунинг учун, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт)га назар ташлашнинг ўзи кифоя. Мазкур гувоҳномада транспорт воситасининг русуми, тури, вазни каби муҳим маълумотлар акс эттирилган бўлади.