Коронавирус пандемиясини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар
2020 йил 29 январда Президентнинг тегишли Фармойишига асосан Коронавирусни олдини олиш бўйича республика комиссияси ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди.
2020 йил 15 март куни, яъни биринчи касаллик ҳолати аниқланган куни, Ҳукумат раҳбари коронавирус кириб келишининг олдини олиш чораларини кучайтириш бўйича шошилинч йиғилиш ўтказди, йиғилишда қуйидагилар белгиланди:
- барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилди;
- Наврўз умумхалқ сайли бекор қилинди, оммавий маросимлар, одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча бекор қилинди;
- 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилди;
- Ўзбекистон фуқароси чет элга чиқиши, чет эл фуқароси Ўзбекистонга кириши вақтинча тўхтатилди (Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтиши мумкин, қайтгандан кейин 14 кунлик карантинга олинади);
- Тошкентдан вилоятларга қайтадиган талабаларга темир йўллари ва самолётларда 50% чегирма белгиланди;
- коронавирус вақтида фуқаролар саволларига жавоб бериш учун ягона call-марказ (1003) ташкил қилинди;
- барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилди;
- тиббиёт ниқобларини хорижга экспорт қилиш тўхтатилди;
- ваҳима яратадиган хабар тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантирилди.
2020 йил 19 мартда коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича Президент Фармони қабул қилинди, Фармон билан, хусусан:
- солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича енгилликлар берилиши;
- бюджет ссудалари ажратилиши;
- йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилиниши;
- аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
- мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш бўйича муҳим тадбирлар белгиланди.
2020 йил 20 март куни республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси қарорига мувофиқ:
- барча ҳудудларда 21 мартдан бошлаб, бир қатор объектлар ва хизматлар фаолияти тўхтатилди;
- 23 мартдан бошлаб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинди.
2020 йил 22 март куни республика махсус комиссиясининг ахборотига кўра:
▪️ Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00:01 дан бошлаб барча шахслар учун (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилди;
▪️ 23 мартдан Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан катъий назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади;
▪️ ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади;
▪️ Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилади;
▪️ 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – БҲМнинг бир баробари (223 000 сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – БҲМнинг уч баробари (669 000 сўм) миқдорида жарима қўлланилади.
Шунингдек, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга оид расмий янгиликларни эълон қилиб борувчи махсус Telegram-канал @koronoavirusinfouz очилди.