Тадбиркорларга меҳмонхона бўйича ер ва мол-мулк солиғи ставкаси 90 фоизга камайтирилади
“Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–104-сон, 27.01.2022 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Жумладан:
- мукаммал таъмирланган, ташқи ёритиш, суғориш ва дренаж тизими модернизация қилинган, пиёда ва велосипед йўлаклари қурилган, аҳоли гавжум кўчалар савдо, хизмат кўрсатиш, сайилгоҳ ва кўнгилочар кўчаларга айлантирилади;
- Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари ва бошқа шаҳарларда кўпи билан ҳар 3-5 та маҳалла учун маҳаллалараро савдо-хизмат кўчаси ташкил этилади;
- Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида таълим ва тиббиёт муассасалари жойлашган ҳудудларда ихтисослашган кластерлар ташкил этилади.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлар учун учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди.
Тадбиркорларга 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача меҳмонхона ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари бўйича:
- ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 90 фоизга камайтирилади;
- фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қиймати 2 йил амортизация харажатлари сифатида чегириб ташланади.
2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача 28 та туман ва шаҳарларда умумий овқатланиш, меҳмонхона, савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлар учун:
- айланмадан олинадиган солиқ – 1 фоиз;
- мол-мулк ва ер солиғи ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан мазкур туманлар ва шаҳарларда туризм объектларини қуриш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш тартиби жорий этилади.
Маҳаллалараро савдо-хизмат кўчалари бўйида жойлашган турар жой объектлари тегишли хизмат кўрсатиш турлари бўйича нотурар жой объекти тоифасига ўтказилганда 2024 йил 1 январгача уларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкаси сақлаб қолинади.
2022 йил 1 январдан уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10 фоиз этиб ўрнатилади.
Қарорга кўра,Ўзбекистонга олиб кириладиган айрим товарлар (овоз, тасвир ёки бошқа муълумотларни узатиш ёки қабул қилиш аппаратураси, маълумотларни сақловчи қурилмалар, проекторлар, карнайлар, қулоқчинлар) 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача божхона божидан озод этилади.
2022-2023 йиллар давомида “Янги Ўзбекистон” массивларида 640 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
Шунингдек, нодавлат мактаб ва боғчаларни қуриш шарти билан тегишли туман (шаҳар)ларда ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдосига чиқарилади.
Хизматлар соҳасидаги янги лойиҳалар учун 14 фоиз ставкада битта лойиҳа бўйича 2 миллиард сўмгача кредит ажратилади.