February 22, 2022

Ҳар бир ҳудудда камида биттадан уй-жой қурилиши кластерлари ташкил этилади

“Уй-жойлар қурилишини ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–139-сон, 21.02.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ:

  • 8 та туманда хомашёни қазиб олишдан уни қайта ишлаш, лаборатория текширувидан ўтказиш, тайёр қурилиш ва пардозбоп материаллар ишлаб чиқаришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерлари ташкил этилади;
  • 16 та туман ва шаҳарда бошқа ҳудудлар билан саноат кооперациясини ташкил қилиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади;
  • ҳар бир ҳудудда камида биттадан қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва тайёр кўп қаватли уй-жойлар қуришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи уй-жой қурилиши кластерлари ташкил этилади.

2022 йил 1 мартдан:

  • барча юридик шахсларга республикада ишлаб чиқариладиган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини чекловларсиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади;
  • 2024 йил 1 январгача маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

Қарор билан 2022–2023 йилларда янги норуда конларини шакллантириш учун геология-қидирув ишларини амалга оширишнинг манзилли режаси тасдиқланди.

Шунга кўра, геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун 2022–2023 йилларда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига геология-қидирув ишлари учун 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Қарорга кўра, 400 та фойдали қазилма кон участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.