Йўқолган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш бўйича хизматлар ДХМ орқали кўрсатилади
“Йўқолган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (28-сон, 18.01.2022 й.) қабул қилинди.
- Ички ишлар вазирлиги тизимидаги “Топилмалар столи” фаолияти тугатилади;
- 2022 йил 1 мартдан туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтаришёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилади;
- бу бўйича мурожаатларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳам қабул қилиш йўлга қўйилади.
Бунда ўзининг ёки яқин қариндошларининг (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) йўқолган ашёларни топиш бўйича жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг вакиллари Марказга шахсан келиб ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади.
Сўровнома тўлдирилиб, унга йўқотиб қўйилган ашёнинг алоҳида белгиларини акс эттирувчи фотосуратлар, электрон маълумотлар, агар ашё ҳужжат бўлса, унинг нусхалари илова қилиниши мумкин.
Топиб олинган ашёлар Марказда 6 ой давомида сақланади.
Агар бу вақт ичида топилмани олишга ҳақли бўлган шахс аниқланмаса, ашёни топиб олган шахсга унинг ашёга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келганлиги тўғрисида хабар берилади.
Ашёни топиб олган шахс уни қабул қилиб олишни рад этган тақдирда, ашё давлат мулкига ўтади ҳамда 3 иш кунида “E-auksion” савдо майдончасида электрон аукционга қўйилади.
Марказга келиб тушган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, гувоҳномалар ва турли хил расмий ҳужжатлар 1 ой ичида эгалари томонидан талаб қилинмаган тақдирда, ушбу ҳужжатни берган ташкилотга юборилади.
Йўқолган ашёнинг топилмаганлиги ҳақида маълумотнома берилганлиги учун БҲМнинг 5 фоизи (13 500 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.
ЯИДХП орқали мурожаат этилганда миқдор 10 800 сўмни ташкил этади.
Ариза “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар томонидан берилганда, тўлов БҲМнинг 2 фоизи (5 400 сўм) миқдорида ундирилади.
Мазкур тартиб жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар оқибатида йўқолган ашёларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Марказга хусусияти бузиладиган, биологик таркибга эга бўлган, тури, шакли, миқдори ўзгарадиган ашёлар, истеъмол қилинадиган маҳсулотлар, автомототранспортлар, дори воситалари, қаттиқ таъсир қилувчи заҳарли моддалар, психотроп ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг прекурсорлари, портловчи ва пиротехник моддалар, қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари, шунингдек, ҳайвонлар қабул қилинмайди.
2022 йил 1 мартгача йўқолган ашёларни қидириш, топилмалар ҳақида маълумот олиш имкониятини назарда тутувчи “Топилмалар” автоматлаштирилган қидирув тизими жорий этилади.