Бюджетдаги пуллар қаерга кетди? Энди бу саволларга ҳожат йўқ.
Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ:
2020 йилдан бошлаб бюджет қонун билан тасдиқланади;
2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларининг камида 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилади.
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинади.
2019 йил 1 январга қадар бюджет харажатлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилади. Унда давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ва Ҳисоб палатаси хулосалари эълон қилинади.
Портал орқали фуқаролар билан қайта алоқа ташкил этилади ва фуқаролар бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш, бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш имконига эга бўлади.