November 24, 2019

IMEI-код ҳақида нималарни билиш керак?

Айни кунларда мобил қурилмаларининг (планшет, смартфон ва бошқалар) IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Бир қарашда ўта технологик, мураккаб, аммо ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган ушбу тизим ҳақида кўплаб саволлар юзага келмоқда. Шуни эътиборга олиб IMEI-код тўғрисида энг кўп берилаётган долзарб саволларга ойдинлик киритамиз.

Диққат! Бу ҳамма билиши лозим бўлган маълумотлар, чунки ҳадемай IMEI-кодларни бепул рўйхатдан ўтказиш учун берилган муддат тугайди.

IMEI-код нима?

Мобил қурилманинг 15 хоналик рақами IMEI-код дейилади. IMEI-код барча мобил қурилмаларда мавжуд бўлиб, SIM-картанинг ҳар бир слотига алоҳида берилади. Агар мобил қурилмада SIM-карталарнинг икки ёки ундан кўп слотлар�� мавжуд бўлса, ушбу мобил қурилма икки ёки ундан ортиқ IMEI-кодларга ҳам эга бўлади.

Демак, агар Сизда иккита SIM-карта билан ишлайдиган мобил қурилмангиз бўлса, иккила IMEI-кодни ҳам рўйхатдан ўтказишингиз лозим.

IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш нимага керак?

  • мобил қурилмаларнинг IMEI-коди/кодларини текшириш орқали сифатсиз, инсон соғлиғига зарар келтирадиган ва республика ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб кирилган қурилмалар савдосининг олдини олиш учун;
  • мобил қурилма йўқолиб қолган ёки ўғирланган ҳолатда унинг қидирув ишларини тезкор амалга ошириш учун;
  • мобил гаджетларни қўллаган ҳолда содир этиладиган жиноятларни самарали ва тезкор фош этиш учун;
  • Ўзбекистон телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун.

Қурилманинг IMEI-кодини қаердан билиш мумкин?

IMEI-кодни қурилманинг клавиатурасида *#06# буйруғини териш орқали билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, ушбу код қурилманинг қутисида, кафолат картасида ва айрим қурилмаларнинг батареяси остида ёзилган бўлади.

Қачон рўйхатдан ўтказиш керак?

Қурилмага биринчи маротаба SIM-карта қўйилганидан кейин 30 кун ичида унинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилиши керак.

Мобил қурилмаларининг IMEI-кодлари тизим операторига мурожаат қилиш орқали:

  • 1 ноябрдан 1 декабргача – бепул;
  • 1 декабрдан сўнг – тўлов асосида рўйхатдан ўтказилади.

Қурилманинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаса, нима бўлади?

Қурилма орқали биринчи тармоқ ҳодисаси содир этилгандан бошлаб 30 кун ичида IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаса, унинг SIM-слотига маҳаллий алоқа оператори тамонидан хизмат кўрсатиш тўхтатилади. Яъни ушбу қурилма орқали уяли алоқа хизматларидан фойдаланиш имкони бўлмайди.

Қурилма IMEI-коди рўйхатдан ўтказилгандан кейингина SIM-слотга маҳаллий алоқа оператори тамонидан хизмат кўрсатиш тикланади.

IMEI-код қанча тўлов эвазига рўйхатдан ўтказилади?

Битта IMEI-коди учун БҲМдан фоиз ҳисобида (2019 йил 1 сентябрдан БҲМ 223 000 сўмга тенг):

  • импорт қилувчи учун – 20% (44 600 сўм)
  • ишлаб чиқарувчи учун – 10% (22 300 сўм)
  • жисмоний шахс (резидент) учун биринчи тармоқ ҳодисасидан бошлаб:
  • 30 кун ичида – 20% (44 600 сўм)
  • 30 кун ўтгандан кейин – 25% (55 750 сўм)

жисмоний шахс (норезидент) учун:

  • чет эл SIM-картасидан (роумингдан) фойдаланилганда – бепул;
  • маҳаллий SIM-картадан 30 кун ичида фойдаланилганда – бепул;
  • маҳаллий SIM-картадан 30 ўтгандан кейин фойдаланилганда – 20% (44 600 сўм).

Тизим операторига қандай мурожаат қилинади?

Бунинг 5 та йўли бор:

1) uzimei.uz сайти орқали;

2) my.gov.uz сайти орқали;

3) 1170 рақамига SMS юбориш орқали;

4) *1170# га USSD сўров юбориш орқали;

5) Почта алоқа бўлимига ёки Тизим операторига (Тошкент шахри, Олмазор тумани, Себзор даҳаси, 18-А манзилига) шахсан бориш орқали.

SIM-картани ўзгартирганда, IMEI-кодни қайта рўйхатдан ўтказиш керакми?

Йўқ. IMEI-код 1 маротаба UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилади. SIM-карта ўзгартирилганда IMEI-кодни қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди.

IMEI-коднинг ҳолатини қандай текширса бўлади?

1) UZIMEI расмий веб-сайти орқали;

2) 1170 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали;

3) 1170 SMS юбориб ёки *1170# USSD сўровлари ёрдамида.

Ўйлаймизки, юқоридаги маълумотлар сиз учун фойдали бўлди. Асосийси, IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиб бераман деб катта миқдорда маблағ талаб қилаётган фирибгарларнинг қурбонига айланманг. Ҳозирча (1 декабргача), IMEI-кодлар бепул рўйхатдан ўтказилмоқда. 1 декабрдан сўнг эса қанча маблағ эвазига рўйхатдан ўтказилишини билиб олдингиз.

Унутманг! Ҳар бир мобил қурилманинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилиши шарт!