Ҳарбий-техник институтга киришнинг дастлабки танлаш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга кирувчи номзодларнинг дастлабки танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга мувофиқ, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтигаўқишга киришни хоҳлаган фуқаролар ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларга ариза билан, ҳарбий хизматчилар эса ўз хизмат ўташ жойига тегишли равишда билдирги билан мурожаат қилади.
“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ва Миллий гвардия Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи битирувчилари орасидан Институтга ўқишга кириш учун номзодларнинг шахсий йиғма жилдлари улар жойлашган ҳудуддаги мудофаа ишлари бўйича бўлимлари томонидан расмийлаштирилади.
Ўқишга кириш учун аризалар (билдиргилар) қабул йилининг 1 февралидан 1 апрелига қадар қабул қилинади.
Институтга ўқишга киришни хоҳлаган номзодлар томонидан мудофаа ишлари бўйича бўлимларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- ариза (билдирги);
- паспорт нусхаси;
- туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;
- чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;
- таржимаи ҳол (қўлда ёки компьютерда ёзилган);
- номзод тўғрисидаги маълумотлар анкетаси;
- ўқиш, иш, хизмат ўташ жойидан тавсифнома (агар ўқиётган, ишлаётган, хизматни ўтаётган бўлса);
- ота-онасининг иш жойидан маълумотнома (агар ишлаётган бўлса);
- маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар) ҳужжатлар ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;
- олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида асли кўрсатилади);
- яқин қариндошлар орасида вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлими ҳақида гувоҳноманинг нусхаси;
- 3 х 4 см ўлчамдаги 6 та рангли фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 4,5 х 6 см ўлчамдаги 4 та рангли фотосурат (бош кийимсиз);
- номзоднинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органидан судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома (контракт бўйича ҳарбий хизматчилар мазкур маълумотномани тақдим қилиши талаб этилмайди).
Институтга ўқишга киришни хоҳлаган ҳарбий хизматчилар томонидан ўз хизмат ўташ жойига қўшимча равишда Институтга ўқишга киришга тавсия этувчи ҳужжатлар (муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга – ҳарбий бўлинманинг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга эса –ҳарбий қисмнинг аттестация комиссияси йиғилиш баённомасидан кўчирма) тақдим этилади.
Дастлабки танлаш тадбирлари икки босқичда ўтказилади.
Биринчи босқич қабул йилининг 1 февралидан 31 мартига қадар амалга оширилади. Бунда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
- ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
- якка тартибдаги суҳбат;
- бирламчи тиббий кўрик.
Иккинчи босқич қабул йилининг 1 апрелидан 31 майига қадар амалга оширилади. Бунда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
- индивидуал-психологик ўрганиш;
- умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
- такрорий тиббий кўрик.
- Дастлабки танлаш тадбирларида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.
Номзодларнинг ҳужжатларини тўплаш ва ўрганиш ишлари дастлабки танлаш тадбирларининг биринчи босқичи якунлангунга қадар (31 мартга қадар) амалга оширилади.
Соғлиғининг ҳолатига кўра Институтда ўқишга яроқсиз деб ҳисобланган, шунингдек психологик тест синови натижалари бўйича дастлабки танлашнинг кейинги тадбирида иштирок этишга тавсия этилмаган номзодлар кейинги тадбирларига қўйилмайди.