Миллий курашга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ўқувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланди
Адлия вазирлигида “Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди.
Унга кўра, мактаб-интернатга ҳар йили танлов асосида 20 нафар қобилиятли ўқувчилар 5-синфга қабул қилинади.
Ўқувчиларни мактаб-интернатга танлаб олишни ташкил этиш мақсадида ҳужжатлар қабул қилиниши бошланишидан икки ой олдин мактаб-интернат томонидан танлов ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон берилади.
Ота-оналар томонидан қабул комиссиясига ҳужжатлар ҳар йили 25 июндан 25 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Ўқувчилар мактаб-интернатга кириш учун умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонларини (синовларини) топширади.
Ихтисослик имтиҳонларини топширишдан олдин ўқувчилар 1–5 август кунлари ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасасида ташкил этилган тиббий комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади.
Ихтисослик имтиҳонлари ҳар йили 6–10 август кунлари ўтказилади.