August 19, 2018

Инвестиция жалб қилган раҳбарлар рағбатлантирилади

Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори кабул қилинди.

Қарор билан инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун раҳбарларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича ҳар йили танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ танлов ҳар йили “Инвестицияларни жалб қилганлик, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантирганлик учун”, “Янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этганлик учун”, “Инвестиция фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштирганлик, шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаганлик учун” номинацияларида ўтказилади.

Танловда барча ҳокимларнинг инвестициялар бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар бўйича қўмитасининг раиси, инвестициялар бўйича ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари директорлари иштирок этиши мумкин.

Танловда иштирок этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳар йили 20 мартгача ҳар бир номинация учун биттадан номзод кўрсатиши лозим.

Танлов ғолибларига ҳар йили 1 майдан кечиктирмасдан сертификатлар ва пул мукофотлари (184 млн сўм) топширилади.