Одил судлов: инсон ҳуқуқларини қўшимча кафолатловчи навбатдаги муҳим ҳужжат
Бугун эришилган ютуқларни эмас, тизимдаги муаммоларни таҳлил қилиб, уларнинг ечимини излаш ҳақида ўйлайдиган замонда яшаяпмиз. Чунки ютуқлар ўзимизники, вақт эса бизни кутиб турмайди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида янги қабул қилинган муҳим ҳужжат – “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони бўйича фикрлашамиз.
Аввало, суд-ҳуқуқ соҳасида Ўзбекистоннинг тегишли халқаро рейтинглардаги ўрнига эътибор қаратсак: Қонун устуворлиги индекси бўйича – 92 ўрин, шундан “Фуқаролик одил судлов” индикатори – 72, “Жиноий одил судлов” индикатори – 66 ўрин. Бу ўз-ўзидан суд тизимини янада такомиллаштириш лозимлигидан далолат.
Ушбу қонун ҳужжатини қабул қилишга нималар сабаб бўлди?
- соҳада ҳануз сақланиб қолаётган бюрократик тўсиқлар;
- суд қарорларини қайта кўришдаги бир-бирини такрорловчи амалиётлар;
- тортишув принципининг етарлича таъминланмаётгани;
- инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши талаб даражасида эмаслиги;
- прокурорларнинг суддаги иштирокида баъзи ваколатларнинг сақланиб қолгани ва бошқалар.
Буларнинг бари суд тўғрисидаги қонунчиликни замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни, янгича ёндашувлар асосида иш юритишни талаб этади.
Хўш, Фармоннинг қабул қилиниши фуқароларга қандай енгилликлар беради? Одил судлов таъминланадими, судларнинг чинакам мустақиллигига эришиладими? Ҳужжатни учта асосий жиҳат билан изоҳлаш мумкин.
Уч муҳим жиҳат
Биринчидан, суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини замон талаблари ва халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Хусусан, бугунги кунда вилоятларда фуқаролик, иқтисодий, жиноят ишлари бўйича судларнинг тузилмавий жиҳатидан алоҳида-алоҳида фаолият юритиши амалиётда муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Судларнинг тарқоқ бўлганлиги фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишига, суд ишлари бўйича ягона амалиётнинг шаклланмаслигига сабаб бўлмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан ўз эътирозларини билдирган.
Бундан ташқари, судлар аппаратларидаги ёрдамчи ходимларга ҳақ тўлаш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун бюджет маблағларини ортиқча сарфланишига олиб келмоқда, шунингдек, ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши илғор хорижий амалиётга тўла мувофиқ, деб бўлмайди.
Масалан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларусь Республикаси ва бошқа давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади. Шундай экан, бугунги куннинг талаби суд тизимини оптималлаштириш орқали судларнинг фуқаролар учун очиқлигини таъминлашдир.
Қабул қилинган фармон асосида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этганҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад ягона суд амалиётини шакллантириш ва шу орқали фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсонгарчиликларига чек қўйиш ҳисобланади.
Иккинчидан, бугунги кунда маъмурий судлар фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган.
Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан 2019 йилдан шу кунга қадар 2 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган. Шуни айтиш лозимки, амалдаги маъмурий судлар фаолиятида қатор ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Масалан, туман миқёсида маъмурий судлар, шу туман ҳудудидаги маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликлар мавжуд.
Оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш ваколати ҳам юклатилган. Бу ишлар табиатига кўра жиноят ишларига яқин бўлиб, иш ҳажмининг асосий қисмини айнан шундай ишлар ташкил қилаётганлиги маъмурий судларни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Эътибор беринг, жорий йилнинг ўтган 6 ойида 183 минг, 2019 йилда 412 минг маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилган бўлиб, оммавий ҳуқуқий низолар эса умумий ишларнинг атиги 4 фоизини ташкил этяпти.
Шундан келиб чиқиб, Фармон билан 2021 йил 1 январидан Ўзбекистонда маъмурий одил судлов тизими ташкил этилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади, мавжуд маъмурий судлар мақбуллаштирилиб, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларнинг жиноят судларига олиб берилиши маъмурий судларнинг иш ҳажмини камайтириш орқали давлат органларининг хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Учинчидан,жиноят процессуал қонунчилигида мутлақо янги институт, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш жорий этилмоқда. Бунинг зарурати нимада, деган саволга жавоб беришдан олдин рақамларга эътибор бериш ўринли.
Мисол учун, 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг сарсон бўлиши, муддатларнинг асоссиз равишда чўзилиши натижада фуқароларнинг судларга нисбатан ишончсизлигини ортишига сабаб бўлмоқда.
Жиноят судларида дастлабки эшитув босқичини жорий этиш дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, ишни суд жараёнига қабул қилишда томонларнинг тенг иштирокини таъминлаш орқали уларнинг важларини янада мустаҳкамлаш ва асослаш имкониятини яратади. Дастлабки эшитув институти нафақат англо-саксон (АҚШ, Буюк Британия ва ҳ.к.), балки романо-герман суд тизимида (Германия, Франция ва ҳ.к), шу жумладан МДҲ мамлакатларида (Россия, Қозоғистон ва ҳ.к.) ҳам жорий этилган.
Суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлашда тўсиқ бўлиб турган ҳолатлардан бири – бу суд қарорлари устидан шикоят келтириш ҳуқуқини берувчи назорат инстанциясининг мавжудлигидир. Бу инстанциянинг мавжудлиги БМТнинг махсус маърузачиси Д. Гарция-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилотининг вакиллари ва бошқа экспертлар томонидан танқид остига олинган. Ушбу институт совет тузумидан қолган бўлиб, аксарият МДҲ давлатларида бекор қилинган (Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, бундан ташқари, Германия, АҚШ, Франция, Латвия ва бошқаларда ҳам).
Шунга кўра, Фармон билан суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи 2021 йил 1 январидан бекор қилинади. Бу эса судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олишга қаратилган муҳим қадамдир.
“Бир инстация – бир суд”
Ҳозирги кунда вилоят судлари 3 та (биринчи, апелляция ва кассация) инстанцияда ишларни кўриб чиқади. 2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган.
Эндиликда бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар, шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилади ва суд қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда.
Биринчи, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш.
Иккинчи, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш.
Натижада ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилишига олиб келади.
Суд мустақиллигини таъминлаш чоралари кучайтирилади
Мамлакатимизда судларнинг мустақиллиги, тергов ва прокуратура органлари ва бошқа таъсирлардан холилиги уларнинг ҳокимиятнинг алоҳида бўғини сифатида мавқеини оширишга хизмат қилади.
Афсуски, ҳозирда суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилувчи қуйидаги салбий омиллар сақланиб қоляпти.
Биринчидан, қонунчиликда прокурор судда айбловдан воз кечган тақдирда судья қандай қарор қабул қилиши кераклиги белгиланмаган.
Иккинчидан, прокурор иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар кўрилишида танлов асосида қатнашиб, тарафлар ёки судга босим ўтказиши мумкинлиги истисно этилмайди.
Учинчидан, прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолликларга олиб келиши мумкин. Шунга биноан, прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартибини илғор халқаро стандартларга мослаштириш зарурати мавжуд.
Айнан шунинг учун Фармон асосида прокурорнинг қатор ваколатларига ўзгартиришлар киритилди.Хусусан:
- давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
- прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
- қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартиби жорий этилади.
Булар эса жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Мустақил суд ҳокимияти ҳақида сўз юритар эканмиз, бу борада судлар ва судьяларнинг моддий-маиший таъминоти муҳим ўрин тутишини қайд этиш лозим. Бу борада ҳам айрим муаммоли ҳолатлар мавжуд.
Масалан, ҳозирги пайтда судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти бюджетдан ташқари Суд ҳокимияти органлари фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бундай тартиб, судьялар томонидан ишларни мустақил ва холис кўриб чиқилишига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, халқаро стандартларга жавоб бермайди.
Фармон билан суд тизими судьялари ва ходимларининг моддий таъминотини молиялаштиришни тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилиши тартиби жорий этилиши ҳамда уларнинг иш ҳақлари миқдорларини оширилиши назарда тутилган.
Инвестор ҳуқуқларининг ишончли кафолати яратилади
Сармоя киритаётган инвестор, биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Бугунги кунда инвесторнинг ҳуқуқлари ҳам тўлиқ кафолатланган, дея олмаймиз.
Масалан, 2019 йилнинг ўзида иқтисодий судлар томонидан чет эл инвесторлари билан боғлиқ 3 мингга яқин, рақобатга оид 30 дан ортиқ ишлар кўрилган. Бу инвесторларнинг ҳуқуқларини суд ҳимоясининг самарали тизими яратилишини тақозо этмоқда.
Қабул қилинган ҳужжат асосида қонунчиликда янги судлов тизими – Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш белгиланди. Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати белгиланди.
Инвестициявий таркибнинг ташкил этилиши инвесторлар низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида ойлаб сарсон бўлишларининг олдини олади ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди.
Хорижий мамлакатлар мисолида бу амалиёт қўшни давлат – Қозоғистон Олий судида ташкил этилган инвестициявий таркиби фаолиятида ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Шундай экан, хусусий мулк ҳуқуқи қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши таъминланади.
Яна бир масала. Фармоннинг қабул қилиниши миллий ҳуқуқ мактаби, ҳуқуқшунослар, илмий жамоа, амалиётчилар ва суд-тергов органи ходимлар учун катта масъулият юклайди. Унинг моҳиятини тушуниш ва тўғри татбиқ этиш, ижросини амалда таъминлаш учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, суд корпуси вакиллари учун алоҳида семинар-тренинглар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур курсларда суд-тергов органлари малакасини ошириш билан бирга, янги тартиб-таомилларни қўллаш кўникмасини шакллантиришга эришилади.
Хуллас, мазкур Фармон билан суд тизимида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Пировардида бу ўзгаришлар Ўзбекистонда одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини қўшимча кафолатлаш, судлар фаолиятидан халқимизни рози қилиш мақсадларига хизмат қилади.
Раҳимжон ҲАКИМОВ,
Тошкент давлат юридик университети ректори, юридик фанлар доктори.