Барча шахслар ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин
“Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–749-сон, 02.02.2022 й.) Президент томонидан имзоланди
Қонун билан “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.
Шунга асосан,тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш каби ҳаракатларни содир этган юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима солиниши мумкин.
Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.
Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи ҳуқуқбузар томонидан бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.
Қонун билан “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, барча юридик ёки жисмоний шахс ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин (илгари тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахслар).
Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.
Шунга кўра, товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунда Фирма номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби мустаҳкамланди.