Саноат тармоқлари техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланади
Ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, саноат тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди
Қарорга мувофиқ, давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари акциялар пакетларининг инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларга танлов асосида 5 йилгача бериш қуйидаги шартлар бажарилганда амалга оширилади:
- қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга лицензиянинг мавжудлиги;
- корхонани ривожлантириш учун бизнес-режани топшириш;
- корхоналарнинг кузатув кенгашига ишончли бошқарув бўйича тайинланадишан аъзоларнинг 40 фоизи миқдорида давлат вакилларини киритиш;
- ишончли бошқарувчига бонус кўринишида ҳақ тўлаш.
Устав капиталидаги давлат ёки хўжалик бошқаруви органларига тегишли акциялар пакетлари инвестиция активларини ишончли бошқарувга берган корхоналарга нисбатан:
қонун ҳужжатларининг қуйидаги талаблари татбиқ этилмайди:
- импорт контрактларини, техник топшириқларни Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиш;
- баъзи товарларни экспорт қилиш бўйича контрактларни Ташқи савдо вазирлигида рўйхатдан ўтказиш;
- ишончли бошқарувчи томонидан кузатув кенгаши аъзоси сифатида илгари сурилган шахслар корпоратив бошқарувчининг малака гувоҳномасига эга бўлиш тўғрисида;
- суммасидан қатъи назар товарларни харид қилиш контрактларини, шу жумладан импорт контрактларини мустақил тузиш ҳуқуқи берилади;
- 2019 йил 1 февлардан олиб кириладиган товарларнинг божхона расмийлаштирувида ваколатли иқтисодий операторлар мақоми қўлланилади.
Шунингдек, қарор билан “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ фаолиятини янада такомиллаштиришга оид “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Йўл харитаси доирасида “ТОМС илмий-тадқиқот лойиҳа институти” МЧЖ (Россия) лойиҳаси асосида “Олмалиқ КМК” АЖ реконструкция қилинади. Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали ҳузурида махсус коллеж ташкил этилади.
Мутасадди органлар Давлатга тегишли акциялар пакетларини (улушларни) ишончли бошқарувга бериш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқиб Ҳукуматга киритади.