June 11, 2018

Хусусий тиббиёт муассасаларида бепул даволаниш мумкинми?

“Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ хусусий тиббиёт муассасаларига бир қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилган.

Мазкур солиқ имтиёзлари натижасида бўшайдиган маблағлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтирилади.

Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган тоифага қуйидагилар киради:

  • ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;
  • муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
  • ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
  • 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
  • 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахслар.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун уларнинг шахсини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларининг мавжудлиги (масалан ногиронлиги ҳақидаги маълумотнома) асос бўлади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатиладиган бепул тиббий хизматларнинг турлари ва ҳажми ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланади.

Бепул тиббий хизматлар рўйхати муассасага кириш ёки мижозлар учун кўринадиган жойда ҳамда маълумотлар пештахтасида жойлаштирилади.