Паррандачилик кластерлари ташкил этилади

by @huquqiy_axborot
Паррандачилик кластерлари ташкил этилади

Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан паррандачиликни ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгиланди. Хусусан, эндиликда хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиб паррандачилик кластерлари ташкил қилинади, бунда инновацион технологиялар кенг татбиқ этилади.

Қарорга мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат улуши 50 миллион АҚШ доллари миқдорида оширилди.

Ушбу маблағлар паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида бошқа тижорат банкларига ҳам кредитлар ажратиш учун йўналтирилади.

Паррандачилик лойиҳалари учун банклар томонидан 2019–2020 йилларда ажратилаётган кредитлар фоизи учун компенсация беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:

  • айланма маблағларни тўлдиришга тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо кредит ставкасининг 5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • асбоб-ускуналар сотиб олиш, паррандачилик кластерларини ва инкубация цехларини ташкил қилиш, бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника харид қилиш учун тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдорида, аммо кредит ставкасининг 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда.

Шунингдек, қарорга мувофиқ парранда хўжаликларига хизмат кўрсатувчи замонавий илмий-диагностика лаборатория маркази ташкил этилади.

Парранда касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши курашишнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш марказнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Эндиликда барча ҳудудда парранда етиштириш, уни қайта ишлаш ва якуний маҳсулот тайёрлаш ва уни истеъмолчига етказишни қамраб олган паррандачилик кластерлари ташкил этилади (шу жумладан, 2019 йилда 13 та).

Маҳсулот сифатига таъсир кўрсатувчи хавф ва муҳим назорат нуқталари таҳлил қилинади (“HACCP”), Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (“ISO”) ва “Halal” стандартлари талаблари асосида парранда маҳсулотлари сертификатлаштирилади.

Парранда касалликларига эмлаш учун GMP – Good Manufacturing Practice сертификати бўлган компанияларнинг вакцина ва биопрепаратлари Ўзбекистонда тан олинади ва қўшимча мувофиқлик сертификатлари талаб қилинмайди.

2021 йил 1 ноябргача қуйидагилар божхона тўловларидан озод этилади:

  • наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар;
  • чет эл ташкилотлари ва унинг шўъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари, диагностикумлар.

Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида паррандачиликка оид кўргазма ўтказилади.

November 14, 2018
by @huquqiy_axborot