September 13, 2019

Атом энергияси тўғрисидаги Қонун: 10 та афсона ва ҳақиқат

“Атом! Атом – бу бомба-ку, домлажон!!!”

“Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ҳақида сўз очилса, кўпчилик машҳур ҳажв қаҳрамони Мулло Суннатилло ҳолига тушади – қўрқиб кетади.

Ҳар қандай қонун ҳужжати матнини тўлиқ ўқимаслик ёки яхши тушунмаслик нотўғри талқинларга сабаб бўлиши мумкин. Атом энергияси борасида тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун одамлар орасида тарқалган қуйидаги “афсоналар”ни таҳлил қилиб кўрамиз.

1-афсона: Ўзбекистонда атом энергияси йўқ.

Ҳақиқат: Ундай эмас. Аслида Ўзбекистонни бугунги кунда атом энергиясидан умуман холи ҳудуд деб бўлмайди. Республикамизда 1959 йилдан буён Ядро физикаси институтида ВВР-СМ тадқиқот реакторидан фойдаланилиб келинмоқда ва ушбу реакторда ҳамда бошқа ишлаб чиқариш объектларида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар Бўстонлиқ туманидаги сақлаш пунктига жойлаштирилмоқда. 2019 йилнинг 6 ойи давомида 70 ГБк радиоактивликка эга бўлган 455 та манба сақлаш пунктига жойлаштирилган. Шунингдек, ҳозирда мамлакатимизда 7000 га яқин ионлаштирувчи нурланиш манбалари (рентген аппарати, калибровка ускуналари ва бошқалар) мавжуд. Шундай шароитда атом энергиясидан фойдаланишнинг айрим жиҳатлари
30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Лекин атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонун мавжуд эмас. Қонун лойиҳаси шу эҳтиёж туфайли ишлаб чиқилган.

2-афсона: Қонун Россия андозасида ёзилган.

Ҳақиқат: Аслида қонун лойиҳасини яратишда халқаро тажриба синчиклаб ўрганиб чиқилган. Хусусан, атом энергетикаси соҳасидаги етакчи мамлакатлар – АҚШ, Франция, Россия, Белоруссия, Япония, Украина, Чехия, Венгриянинг тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, Қонун лойиҳаси Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) томонидан 2 маротаба кўриб чиқилди ва унинг тавсиялари Қонунда инобатга олинди. Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларининг соҳага оид норма ва қоидалари унификация қилинади ҳамда улар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасидаги мажбуриятлари билан мувофиқлаштирилади.

3-афсона: Қонун барибир хавфсизликни таъминламайди.

Ҳақиқат: Атом энергетикасини ривожлантириш, хусусан, АЭС қуриш мавзусида асосий хавотир – хавфсизлик масаласи бўлиб турибди. Бу хавфсизликни ким таъминлайди? Унинг кафолатлари қандай? Масъулият кимга юкланади?

Маълумот учун: 2018 йил сентябрь ойида Москва шаҳрида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЕ) хавфсизлик бўйича барча талабларига жавоб берувчи қуввати 2 400 МВт бўлган иккита энерго блокидан иборат “3+” авлод атом электростанциясини қуриш тўғрисида битим имзоланди.

“3+”авлод – бу энг сўнгги, инновацион ва хавфсиз атом электростанциялари авлоди бўлиб, бунда АЭСнинг ички ва ташқи таъсирларга максимал даражада чидамлилиги таъминланади.

Қонунда атом энергиясидан фойдаланиш ва хавфсизликни таъминлаш кафолатини давлат ўз зиммасига олмоқда. Шунингдек, соҳани тартибга солувчи (Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳоказо) ҳамда хавфсизликни таъминловчи давлат органлари (Саноат хавфсизлиги қўмитаси, Экология қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқалар) аниқ санаб ўтилмоқда ва уларнинг ваколатлари белгиланмоқда.

4-афсона: Бирон гап бўлса, халқдан яширишади.

Ҳақиқат: Бунинг иложи йўқ. Қонунда атом энергиясидан фойдаланиш бўйича тадбирларда фуқаролар, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки белгиланмоқда. Бу эса очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ядро энергияси борасидаги турли хавотирларини бартараф этишга хизмат қилади.

5-афсона: АЭСдан бошқа давлатлар фойдаланади.

Ҳақиқат: Ундай эмас. Атом энергиясидан фойдаланиш объектлари давлат мулкида ёки Президент томонидан белгиланадиган юридик шахслар мулкида бўлиши мумкин. Юридик шахсларининг ядровий материалларни, шунингдек, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини чет давлатга сотиш тўғрисидаги битимлари Президент билан келишилган ҳолда тузилади.

Демак, АЭСнинг биринчи навбатда Ўзбекистон халқи учун ишлаши шахсан Президент томонидан назорат қилинади.

6-афсона: АЭС – экологияга зарар.

Ҳақиқат: Нотўғри қараш. Кўпинча АЭСнинг атроф-муҳитга салбий таъсири жуда ошириб тасвирланади. Аслида ҳозирда республикамизда мавжуд табиий энергия манбаларидан фойдаланиш орқали ҳам атроф-муҳитга зарар жиддий етмоқда.

Маълумот учун: Атом электр станцияси барпо этилиши натижасида йилига 3,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу манба қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Атом энергияси экологик тоза бўлиб, станциялар зарарли ис газини ҳосил қилмайди.

Атом электр станциясидан фойдаланиш даврида йилига 14 млн тоннагача CO2 (ис гази) ва 36 минг тоннагача NO2 газининг атмосферага чиқарилиши олди олинади.

7-Афсона: Бошқа давлатлар бизга радиоактив чиқиндиларини олиб киради.

Ҳақиқат: Қонун бунга йўл қўймайди. Унда ёзилишича, Ўзбекистон ҳудудига фақат ўзимизнинг радиоактив моддаларни, яъни илгари Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилган радиоактив чиқиндилар ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғидан олинган маҳсулотларини олиб кириш мумкин.

8-Афсона: Келажакда бизда ҳам ядро қуроли ишлаб чиқарилиши мумкин.

Ҳақиқат: Мумкин эмас. Қонуннинг мақсади, номидан ҳам кўриниб турганидек, атом энергиясидан фақат тинчлик мақсадида фойдаланиш. Ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқариш қатъиян тақиқланган.

9-афсона: АЭСни қўриқлаш баҳонасида бошқа мамлакат қўшинлари киритилиши мумкин.

Ҳақиқат: Бундай хавотирга ўрин йўқ. 2012 йил 10 сентябрдаги Қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига асосан Ўзбекистон ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битимга мувофиқ АЭСнинг жисмонан муҳофазаси Ўзбекистон томонидан амалга оширилади.

10-афсона: Атом энергияси бизга керак эмас.

Ҳақиқат: Афсуски, бу хато фикр. Бугунги кунда республикамизнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжи 69 млрд кВт/соат бўлса, амалда 64 млрд кВт/соат энергия ишлаб чиқарилмоқда. 2030 йилга бориб эҳтиёж 117 млрд кВт/соатга етади. Бу эҳтиёжни қондириш учун турғун ва барқарор энергия ресурсига эҳтиёж бор.

Кўпчилик бу эҳтиёжни бошқа муқобил энергия ресурслари (масалан, қуёш ёки шамолдан олинадиган энергия) билан қондириш мумкин дейди. Лекин ушбу энергия манбалари барқарор эмас, бизга эса ҳозир айнан барқарор энергия манбалари керак. Шунингдек, АЭС қурилиши ортидан Ўзбекистонда атом энергетикаси соҳаси ривожланади, мутахассислар ўқитилади, илмий-тадқиқот институтлари очилади. Қолаверса, АЭС қурилиши ортидан бошқа қайта тикланувчи энегия ресурсларини ривожлантиришга йўл қўйилмайди, улардан тамоман воз кечилади дейишга ҳам асос йўқ.

Хулоса

АЭС камида 60 йиллик барқарор энергия манбаи сифатида Ўзбекистон иқтисоди ривожланиши учун кучли импульс беради. Оддий фуқаролар ҳаётида эса электр энергияси билан узлуксиз ва барқарор таъминланиш, илмий ишланмаларнинг ривожланиши, маҳсулот хавфсизлигининг таъминланиши каби омиллар натижасида турмуш даражасининг ўсиши кузатилади.

Ғ.Примов

Адлия вазирлиги масъул ходими