June 3, 2018

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “3 июнь – Бутунжаҳон велосипед куни” деб белгиланган.

Шу муносабат билан йўлларда велосипедда ҳаракатланишга қўйилган талаблар билан таништириб ўтамиз.

Қонунчиликка кўра велосипед одам кучи билан ҳаракатлантириладиган (ногиронлар аравачасидан ташқари) икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситасидир.

Йўлда велосипед ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади.

Велосипедларнинг йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади.

Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар жамланмаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак.

Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Велосипед ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади:

  • рулни бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш;
  • йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно);
  • габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш;
  • велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш;
  • трамвайлар ҳаракатланадиган йўлларда ва тегишли йўналишда бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш.

Велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги — энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.