November 30, 2018

Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади

Ҳукумат қарори билан Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, фестиваль 2019 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба сентябрь ойида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ўтказилади.

Фестиваль Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилади.

Фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция, ҳунармандларнинг кўрик-танлови, шунингдек хорижий ва маҳаллий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ташкил этилади.

Қуйидагилар кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳоратларини баҳолашда асосий мезон ҳисобланади:

  • ҳунармандчилик маҳсулотларининг анъанавий миллий хусусиятлари;
  • ҳунармандчилик йўналишининг жозибаси ва таровати, ўзига хос услуб ва мактабга эгалиги;
  • ҳунармандчилик маҳсулотининг тарихий илдизга эгалиги ҳамда ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги.

Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация бўйича баҳоланади.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ғолиблари диплом, ҳайкалча ва қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича – 15 000 АҚШ доллари;
  • “Энг ёш ҳунарманд” номинацияси бўйича – 10 000 АҚШ доллари;
  • “Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси” номинацияси бўйича – 10 000 АҚШ доллари;
  • “Қадимий сулола давомчиси” номинацияси бўйича – 5 000 АҚШ доллари;
  • “Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд” номинацияси бўйича – 5 000 АҚШ доллари.