May 6, 2020

Республика махсус комиссиясининг қарори

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишини жиловлаш юзасидан бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида бугунги кунга келиб коронавирус инфекциясини юқтириб олган 2207 нафар шахслардан 1501 нафари ёки 68 фоизи тўлиқ тузалди.

Жорий йилнинг 29 апрель ва 5 май кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан коронавирус билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгариб бориши билан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлиги таъкидланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, карантин чекловлари жорий йил 8 майидан бошлаб қуйидаги учта тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма босқич бекор қилиб борилади.

Биринчи  “қизил” тоифадаги ҳудуд – доимий равишда коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланаётган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари). Бунда “қизил” ҳудудда мавжуд карантин чекловлари сақлаб қолинади ҳамда вазиятга қараб қайта кўриб чиқилади.

“Қизил” ҳудудларда қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:

  • озиқ-овқат савдо дўконлари, қурилиш материаллари бозорлари, тикувчилик ва бичувчилик цехлари, тижорат банкларининг объектлардаги шаҳобчалари (кассалари), кимёвий тозалаш, нотариал идоралар, адвокатура ва суғурта ташкилотлари, пойабзал таъмирлаш устахоналари, чорвачилик, терини қайта ишлаш корхоналари, тезкор овқат тайёрлаш нуқталари (етказиб бериш ва олиб кетиш учун), тиббиёт муассасалари фаолияти;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, жойларга етказиш ва сотиш, уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш, ҳунарманд ва усталар, улар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш;
  • объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, якка тартибдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари, етказиб бериш хизмати;
  • кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани сақлаган ва ниқоб таққан ҳолда сайр қилиш.

Иккинчи – “сариқ” тоифадаги ҳудуд – охирги 14 кун давомида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган, бироқ ушбу касалликка чалинган ва даволанаётган шахслар мавжуд бўлган ҳудудлар (Сурхондарё, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри). “Сариқ” ҳудудларда айрим чекловлар сақлаб қолинади.

“Сариқ” ҳудудларда, “қизил” ҳудудларга қўшимча равишда яна қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:

  • ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо дўконлари, заргарлик ва гул сотиш дўконлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, меҳмонхона ва хостеллар фаолияти;
  • автомашиналар ювиш шаҳобчалари фаолияти, автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига техник хизмат (сервис) кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти;
  • ҳунармандчилик, маиший жиҳозлар ва электрон қурилмаларни таъмирлаш устахоналари фаолияти;
  • йўналишсиз таксида йўловчи ташиш, велосипед ва скутерда ҳаракатланиш.

Учинчи – “яшил” тоифадаги ҳудуд – коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган (ёки аниқланган шахслар тўлиқ соғайган) ҳудудлар (Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари);

“Яшил” ҳудудларда, юқоридагиларга қўшимча равишда парк ва истироҳат боғлари фаолиятига, автотранспортларнинг стикерсиз ҳаракатига, йирик буюм бозорлари ҳамда давлат ташкилотларида фуқаролар қабулларига ҳам рухсат берилади.

“Яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга ҳамда сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолият юритишига қуйидаги талаблар асосидагина рухсат берилди:

Шунингдек, барча тоифадаги ҳудудлар учун қуйидаги мажбурий талаблар сақлаб қолинади:

  • ижтимоий масофани (2 метр)ни сақлаш, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиши;
  • таълим ташкилотлари, ўқув курслари, кўнгилочар объектлар фаолияти ва жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўймаслик;
  • барча турдаги оммавий тадбирлар, оилавий тантана, маърака ва маросимларни (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) ўтказмаслик;
  • деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат савдо нуқталарини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 370С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик;
  • барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
  • қурилиш-таъмирлаш ишларида объектлар ҳудудини тўлиқ карантинга олиш ва уларда санитария-гигиена тадбирларини амалга ошириб бориш.

Юқоридагилардан ташқари, вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга ошириш бўйича белгиланган чекловлар сақлаб қолинади. Бунда:

  • доимий рўйхатдан ўтган ҳолда “қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари
    ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимларига мазкур ҳудудга кириш ва чиқишга;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонлар томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат берилади.