January 27, 2022

Эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади

“Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–102-сон, 26.01.2022 й.) қабул қилинди.

Қарор билан аҳолига кўрсатилаётган эндокринология хизматини ташкил этишнинг энг муҳим йўналишлари белгиланди.

2022 йил 1 апрелдан эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилади. Унга кўра, жумладан:

оилавий шифокорлар эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрланади;

эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади.

Қарор билан 2022–2024 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Қарорга кўра, ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилади ҳамда эндокрин касалликлар аниқланган беморлар билан мунтазам алоқа ўрнатилади.

2022 йил 1 февралдан анъанавий ва масофавий (аралаш) усулда тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириштизими йўлга қўйилади.

2022 йил 1 апрелгача бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилади.

Қарорга кўра, беморлар қуйидагилар билан бепул таъминланади:

  • 25 ёшгача бўлган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан;
  • қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилик билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан;
  • 25 ёшдан ошган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан;
  • қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан.

Қарорга кўра шунингдек, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий тиббиёт муассасаларидан шаффоф танлов асосида танлаб олинган 50 нафаргача эндокринолог мутахассислар ҳар йили нуфузли хорижий эндокринология марказларида малака оширишга юборилади.