Республика махсус комиссиясининг қарори: карантин муддати узайтирилди ва янги тартиблар киритилди
Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистонга коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, юртимиздаги эпидемиологик вазият ҳали барқарорлашмаганлиги, қолаверса, дунё бўйича коронавирус инфекциясининг тарқалиши ортаётгани туфайли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус пандемияси орқали киритилган чеклов чораларини сақлаб туриш мақсадга мувофиқлиги баён этилмоқда.
Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирга қадар жорий этилган барча чекловларнинг 2020 йилнинг 10 майига қадар узайтирганлигидан келиб чиқиб, қуйидагилар маълум қилинади:
Хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари жорий йилнинг 1 июнгача автоматик тарзда узайтирилди.
Ноозиқ-овқат буюмлар (кийим-кечак, хўжалик моллари, кўчатлар, уруғлар) савдосига сайёр савдо нуқталари орқали санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ижтимоий масофа (2 метр) сақланиши ҳамда бошқа санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши мажбурийдир.
Карантин даврида муддати тугайдиган барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар) ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг (фуқаролик паспорти, Ўзбекистонда яшаш рухсатномаси), автотранспорт воситалари учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, транспортни бошқариш учун ишончнома, транспорт воситасини (қайта) рўйхатдан ўтказганликни ҳамда техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар) амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарлик ва бошқа чоралар қўлланилмайди.
Карантин даврида фақатгина банк пластик карталарига ўтказиш тартиби белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, пенсионерларнинг пластик карталаридаги операциялар учун комиссион тўловларни ундирмаслик тартиби жорий этилади.
Электрон рақамли имзо калитини масофадан туриб олиш механизми жорий этилади.
Етказиб бериш хизматини кўрсатувчи лицензиясига эга бўлган, йўналишсиз таксилар ҳайдовчилари “махсус комбинезон” (шахсий химоя кийими), тиббий қўлқоп ва ниқобларда фаолият олиб бориши лозим.
Йўловчи ташиш фаолияти билан боғлиқ барча лицензиялар бўйича ариза қабул қилиш ва лицензияларни кўриб чиқиш ва бериш 2020 йил 10 майгача қадар вақтинча тўхтатилади.
Нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларига риоя қилган ҳолда ҳудуддий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар короновирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилади.
Шунингдек, республика ҳудудларида фаолият кўрсатувчи дехқон бозорларида дезинфекцион ҳолатни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чоралар белгиланмоқда.
Хусусан, деҳқон бозорларида, шу жумладан бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган йирик озиқ-овқат дўконларида савдо ижтимоий масофа (2 метр) сақлаган ҳолда “зигзаг” тартиби (қувурлар, бантлар ва бошқа шу каби тўсиқлар орқали) ташкил этилади.
Ҳар бир бозорга киришда “дезинфекция туннели” ва “санитария пост”лари, дезинфекция гуруҳлари ташкил этилиб, улар бозор ҳудудида карантин чоралари талабларига риоя этилишини таъминлаб боради.
Юқорида баён этилган тартиблар бир томондан коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олишга, бошқа томондан эса карантин даврида фуқароларимизнинг соғлиғи ҳамда ижтимоий муҳофазасини қатъий таъминлашга қаратилганлиги билан эътиборлидир.
Фуқароларимиздан ушбу тартибларга онгли равишда, вазиятни тўғри тушуниб, оғишмай амал қилишларини сўраймиз.