Танишинг, Президент тадбиркорлар учун эълон қилган енгилликлар тўлиқ рўйхати
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 20 августда мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқидан.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.
***
Кўпчилик тадбиркорларни ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири эртага нима бўлади, деган саволлар қийнаётгани ҳам бор гап. Ушбу корхоналарнинг ҳозир эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида эгаллаб турган ер майдонлари, уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади. Яъни, бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади. Бунда ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ерлар имтиёзли шартлар асосида ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади.
Бундан кейин тадбиркорлар ердан юқори ликвидли актив ва гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
***
Бундан кейин янги ер майдонларини аукционга чиқаришдан олдин ҳар бир ҳудудни ривожлантириш бўйича аниқ режани тузиб олишимиз зарур.
Кўплаб тараққий топган давлатлар тажрибасини ўрганганимизда, бирорта мамлакатда ер майдонларини режасиз бериб юбориш мумкин эмаслигига гувоҳ бўлдик. Олдин аниқ ҳудуд танлаб олиниб, унинг “мастер-плани” ишлаб чиқилади.
Қаерда – уй, қаерда – мактаб, қаерда – ишлаб чиқариш бўлиши аниқ белгиланиб, инфратузилмалар яратиш режаси тузилади. Шундан кейингина ер участкалари аниқ лойиҳа билан савдога чиқарилади.
Шунинг учун вилоят ҳокимлари кадастр ва архитектура идоралари билан бирга, ушбу тажриба асосида ишларни ташкил этишлари, аниқ ҳудудни белгилаб, режасини тасдиқлаб, кейин ерларни аукционга қўйишлари лозим.
Шунингдек, ҳар бир вилоятда махсус жамғармалар ташкил этилади ва ер майдонларини сотишдан тушган маблағ тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиб, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.
***
Кўплаб тадбиркорлар юқори сифат ва назорат тизимига эга бўлган мамлакатлардан (Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби) сертификатланган асбоб-ускуна ва хомашёларни олиб келганида, миллий сертификат олиш талаби мавжудлигини эътироз сифатида қайд этишган. Масалан, асбоб-ускуналар ва хомашёга сертификат олишда 2-3 миллион сўм харажат, 5-10 кун муддат талаб этилади.
***
Бир ой муддатда бундай давлатлар рўйхати шакллантирилиб, уларда сертификат берилган асбоб-ускуна ва хомашёларга миллий сертификат олиш амалиётини бекор қилиш бўйича қарор лойиҳаси киритилади.
***
Келгуси йилдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар “онлайн” тарзда расмийлаштирилади. Жорий йил якунига қадар лицензия ёки рухсатномалар сони яна камида 30 фоизга қисқартирилади.
***
1 ноябрдан барча техник талабларга тўла жавоб берадиган, замонавий индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинади. Бунда маҳсулот сифатини таъминлаш, ишлаб чиқаришнинг ягона стандарт ва хавфсизлик талабларига тўла жавоб бериши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
***
Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текшириш, мониторинг ва назорат тадбирларида адолат мезонлари ва қонун устуворлиги таъминланиши шарт. Бунинг учун Савдо-саноат палатасига тадбиркорнинг розилиги билан барча текширишларда иштирок этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ваколати берилади.
***
Жорий йилдан бошлаб, иш ўрни яратишда, инновацияларни татбиқ этишда, солиқларни ўз вақтида тўлашда, экспорт қилишда, етук мутахассислар тайёрлашда барчамизга намуна бўладиган бизнес вакиллари ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилади. Бундай тадбиркорларимизни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофотларини ҳам таъсис этамиз. Бундан буён тадбиркорларнинг ўз орден ва медаллари ҳам бўлади.
20 август мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинди.
***
Такрор ва такрор айтаман, ишнинг кўзини биладиган, одамларга меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратадиган, ватанпарвар ҳамда фидойи тадбиркорларни биз доимо бошимизга кўтарамиз.
Президентнинг талаби ва бошлаган ислоҳотларимизнинг асл маъно-мазмуни ҳам айнан шундан иборат.
Барчамиз ана шу талаб асосида ишласак, меҳнат қилсак, албатта мамлакатимизда тадбиркорлик ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.
***
Қаерда муҳит яхши бўлса, ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари Президент талабини тўғри тушунган бўлса, ўша ерда иш услуби, тадбиркорларга муносабат ўзгарган. Аксинча, тадбиркорнинг дарди билан яшамаган, улар кўтарган муаммоларнинг ичига кирмасдан, кўмак бермаган раҳбарлар фаолиятига эса, халқимизнинг ўзи баҳо беради ва бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин йўқ ва келажакда ҳам шундай бўлади.
***
Банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари бўйича қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.
Қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим этса, ушбу маблағлар ана шу банкларга ажратилади.