February 9, 2022

Суд-экспертлик фаолиятида экспертиза ва тадқиқотларнинг янги турлари ўтказилиши йўлга қўйилади

“Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–122-сон, 08.02.2022 й.) қабул қилинди.

Қарор билан ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра:

  • Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тузилмасида Генетик тадқиқотлар ва Шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлимлари ташкил этилди;
  • Ички ишлар вазирлиги таъсисчилигида ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, совуқ, улоқтирувчи ва бошқа қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, ўқ ўтказмайдиган махсус ҳимоя воситаларини, электрошок қурилмалари, пиротехника буюмлари ва портловчи материалларни сертификатлашни амалга оширувчи давлат муассасаси ташкил этилади;
  • ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмаларига эксперт-криминалистика соҳасида шартнома асосида экспертлик, биометрик идентификация, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини ҳамда соҳага оид бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини берилди;
  • махсус илмий-техник ва интеллектуал салоҳиятга эга шахсларни мутахассис ёки техник ишчи сифатида эксперт-криминалистика бўлинмаларига шартнома асосида жалб этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, экспертиза ва тадқиқотларнинг қуйидаги янги турлари ўтказилиши йўлга қўйилади:

2022 йил якунигача:

  • видео ва фототехника экспертизаси, шу жумладан видеоёзувларда қайд қилинган транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш экспертизаси;
  • электр таъсирли қуроллар экспертизаси;
  • газли қуроллар экспертизаси;
  • газ-ҳаво аралашмаси ва физик портлашлар экспертизаси;
  • транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаши экспертизаси;
  • одам ДНКси биологик экспертизаси;
  • махсус техника ва транспорт воситаларини баҳолаш экспертизаси;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси;

2023 йил якунигача:

  • рақамли маълумотлар базаси экспертизаси;
  • Интернет тармоғида булутли сервислар экспертизаси;
  • фоноскопия экспертизаси.

2023 йил 1 январгача шахс, буюм ва ҳодисалар тўғрисида олинган ахборотлар бўйича автоматлаштирилган криминалистик ахборот-қидирув тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил якунигача суд-тергов фаолиятида ашёвий далил сифатида олинган синтетик турдаги гиёҳвандлик, шунингдек, психотроп ва кучли таъсир этувчи дори воситаларининг кимёвий таркиби бўйича марказлашган ахборот-қидирув тизимини яратиш чоралари кўрилади.

2022/2023 ўқув йилидан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бакалавриат дастури бўйича таълим тизимида “рақамли криминалистика асослари” фани ўқитилиши йўлга қўйилади.