Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилади
Ҳукумат қарори (33-сон, 19.01.2022 й.) билан Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди
Маъмурий регламентга кўра, малака оширишга талабгор бўлган ветеринария хизмати мутахассислари давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
Қабул қилинган аризалар кўриб чиқиш учун Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига дарҳол юборилади.
Малака ошириш маркази ариза белгиланган талабларга мослигини
3 кун муддатда кўриб чиқади ва малака оширишга қабул қилиш учун шартнома тузиш ёки рад этиш тўғрисида талабгорга СМС хабар юборади.
Шундан сўнг 3 кун муддатда малака ошириш маркази билан шартнома имзоланади.
Шартнома имзолангач, 5 кун муддатда белгиланган тўлов талабгорлар томонидан амалга оширилиши лозим. Тўлов амалга оширилмаган тақдирда, улар малака ошириш курсларига қабул қилинмайди.
Тўловни амалга оширган талабгорлар сонидан келиб чиқиб, ўқув курслари контингенти шакллантирилади ва ўқиш бошланадиган муддат тўғрисида 1 кун ичида талабгорлар хабардор қилинади.
Давлат хизматлари кўрсатилгани учун БҲМнинг 20 фоизи (54 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу миқдор 48 600 сўмни ташкил этади.