Шарқ хаттотлиги
Шарқ халқлари яратган қўлёзма манбаларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганмай туриб, Шарқнинг тарихий ўтмиши, ҳозирги замони, унинг ижтимоий ва маданий ҳаётининг тарихий тараққиётини ўрганиш мумкин эмас. Шунинг учун Шарқ қўлёзмаларига нафақат Шарқ мамлакатларида, балки бутун дунёда ниҳоятда катта аҳамият берилади. Дунёнинг жуда кўп шаҳарларида махсус Шарқ қўлёзмалари хазиналари (фондлар) ташкил этилган, уларда Шарқ халқлари яратган миллионлаб қимматбаҳо араб, форс ва туркий тиллардаги дурдона қўлёзмалар сақланмоқда. Шунинг учун Шарқ халқлари маданияти ва тарихи, илм-фан ва адабиётида қўлёзмаларнинг тарихи аҳамиятлидир.
Ислом маданиятида қўлёзма китоблар.
Араб қўлёзмалари китобининг даври VII асрдан бошланиб, XIX аср китоб чоп этиш ихтиро қилингунга қадар давом этди. Шундан кейин қисман қўлёзма китоблар пайдо бўлиб турса ҳам, секин-аста у ўз ўрнини босма китобларга бўшатиб бериб, ўзи китоб хазиналаридан жой ола бошлади. Биз араб қўлёзмалари деганда, факат араб халқига мунсуб қўлёзма китобларни тушунмаслигимиз керак. Бу қўлёзмалар араблар фатҳ этган ва Исломни қабул қилган Осиё, Африка, Испания, Марказий Осиё каби бир қанча мамлакатлар халқлари вакили бўлган олимлар, шоирлар яратган асарларнинг шу диёрлар хаттотлари ёзиб қолдирган қўлёзмаларидир. Қўлёзма араб тилида «махтута», кўплиги «махтутот» аталиб, арабча «хатта» (чизиқ, ёзиш, маъноларидаги) феълининг мажҳул сифатдоши бўлиб «ёзилган», «чизилган» маъноларини билдиради. Ўзбек тилида қўлёзма ибораси қабул қилинган. «Китоб» сўзи ҳам «ёзилган», «ёзув», «хат» маъноларига эга.