ДИНИЙ МУТААССИБЛИК, РАДИКАЛИЗМ, ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ - ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИГА ТАҲДИД
99265 - Ҳарбий қисимда, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси диний соҳаларда давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принциплари мавзусида ўтказилган давра суҳбати.
Мутаассиблик (арабча متعصب ва грекча favationus, яъни фанатизм) – маълум бир мафкура ва қарашларга, айниқса, диний-фалсафий, миллий ва сиёсий соҳаларда ҳаддан зиёд, кўр-кўрона ва ҳиссиётларга берилиб эргашиш ва уларга амал қилиш. Қандайдир тушунчаларга, эътиқодга ёки дунёқарашга содиқликнинг энг сўнгги даражаси. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китобидамутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”деб таърифланган.
Дунё яратилибдики, Аллоҳ таоло инсониятга кетма-кет шариатларни юборди ва бу шариатлар элчилар, яъни пайғамбарлар орқали бизларга етказилди. Ҳар бир келган шариат ўзидан олдингисининг ҳукмини кетказиб, янада мукаммал қилган ҳолатда ўзгараверди, шу ўринда бизда нотўғри тушунча пайдо бўлмаслиги учун шуни айтишимиз керак-ки, Аллоҳ таолонинг ҳукми ислоҳотларга муҳтож эмас ва ўзгаришликлар биз инсонларни Ўзига яқинлаштиришлик учун Роббимизнинг босқичма-босқич берган тарбияси эди.
Радикализм (лотинча radix – илдиз) – сиёсий тузум ва ижтимоий институтларни тубдан ўзгартиришга қаратилган ғоя ва ҳаракатларни ифодаловчи сиёсий, диний оқим.
Ўрта асрлар сўнгги ва Янги давр бошида радикализм демократия шиорлари билан чиқди. Унинг тарафдорлари (Локк, Руссо ва бошқа) нотабиий ижтимоий муносабатлар ва шароитларни радикал тарзда оқилона тартиблар билан алмаштириш ғоясини илгари сурди. Анархистлар эса жамиятдаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларнинг ортиқчалиги, инсон эркини тубдан кенгайтириш лозимлигини ёқлаб чиқди. Уларнинг ғоявий раҳнамоси У.Годвин инсон ақл-заковат ва эркинлик рамзидир, шунинг учунунинг эркини чеклаш керак эмас, деган ғояни илгари сурди. Ҳозирги давр радикализмга хос бўлган хусусиятлардан бири ижтимоий ҳаётнинг ҳам назарий, ҳам амалий муаммоларини ҳал қилишда зўрлик усулидан фойдаланишга мойилликдир. Тинч йўл билан ҳал қилиш мумкин бўлган оддий муаммоларни ечишда улар куч, зўравонликдан фойдаланишга интилади. Тарихнинг бурилиш нуқталарида, танглик юз берган ҳолатларда радикализм авж олади.
Экстремизм (лот. — ўта, кескин) — сиёсатда ва мафкурада ашаддий, фавқулодда ҳаракат ҳамда қарашларга асосланиб фаолият юритиш.
Экстремизмнинг сиёсий ва диний кўринишлари яққол ажралиб туради. Сиёсий Экстремизм намояндалари ўзларининг ғаразли мақсадига эришиш учун куч ишлатиш усулларидан фойдаланиб, мавжуд сиёсий тузилмаларнинг барқарор фаолият юритишини бузиш ва йўқотишга ҳаракат қилади. Бу йўлда экстремистлар ва экстремистик ташкилотлар “демократия” ниқоби остида баландпарвоз шиорлар, чақириқлар билан чиқиб, террорчилик ва партизанлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдилар, қонунга риоя этмаслик, иш ташлашлар, тартибсизликлар чиқаришга уринадилар, одамларни гижгижлайдилар, террор қилиш усулидан фойдаланадилар. Экстремистик ташкилотларнинг раҳбарлари ҳар қандай муроса ва келишувни рад этадилар. Ўзига тобеларни ўз буйруқ ва кўрсатмаларини кўркўрона бажаришга мажбур этадилар. Сиёсий Экстремизмнинг миллатчилик кўриниши турли миллат ва этник гуруҳлар ҳуқуқини инкор этишда намоён бўлади. Миллатчи экстремистлар фаолияти сепаратизм билан боғлиқ бўлиб, кўп миллатли давлатларни йўқотиш, туб миллат ҳукмронлигини ўрнатишга қаратилади. Бундай Экстремизм миллатлараро муносабатларнинг кескинлашуви ва халклар ўртасида можаролар чиқишига олиб келади. Диний экстремизм, аввало, бошқа конфессияларга, уларнинг вакилларига нисбатан тоқатсиз бўлади.
“Террор” сўзи – «даҳшатли» деган маънони англатиб, маълум бир ҳудуддаги тинч аҳолини қўрқитиш йўли билан сиёсий ва мафкуравий мақсадларга эришишга айтилади. “Терроризм” атамаси илк бор ХVIII аср охирида Францияда инқилобий тўнтаришлар даврида ишлатилган. Терроризмнинг авж олиши XX асрга бориб тақалади.
Терроризм (лот. террор – қўрқинч, даҳшат) – сиёсий рақибларни, мухолифларни йўқотиш ёки қўрқитиш, аҳоли ўртасида ваҳима ва тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадидаги зўравонлик ҳаракатлари (таъқиб қилиш, бузиш, гаровга олиш, қотиллик, портлатиш ва бошқалар).
Терроризм якка тартибдаги ва гуруҳли терроризм (мас., экстремистик сиёсий тўдаларнинг ҳаракатлари каби) тоифаларга бўлинади.
Қонунда давлат органларининг Терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари, террорчиликка қарши операциянинг ўтказилиши, террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш ва жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси каби масалалар ҳуқуқий асослаб берилган.
Ўзбекистон Республикасининг ЖКга кўра, террорчилик ҳаракатларини тайёрлаш ва содир этиш, бундай фаолиятда иштирок этаётган шахсларга бевосита ёки билвосита ҳар қандай маблағ-воситалар ва ресурслар бериш ёки йиғишга, бошқа хизматлар кўрсатишга қаратилган ҳаракат 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Террорчилик ҳаракати одам ўлишига, бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш ёки мамлакатдан чиқариб юбориш жазоси белгиланади.
Бухоро давлат университети “Ислом тарихи ва манбашунослиги, фалсафа” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.