February 20, 2025

Хориж музейларида сақланаётган темурийлар даврига оид қўлёзмалар.

Амир Темур давлатининг маънавий ҳаётида қўлёзма китоб алоҳида ўрин тутиб, бу ерда яшовчи халқлар уни ҳамма даврларда ҳам юксак қадрлаган. Папирус, пергамент ва қоғоз қўлёзма китоб учун асосий ашё ҳисобланган. Хусусан, қўй, эчки, бузоқ ва оҳу терисидан тайёрланган пергамент қадим замонлардан буён кенг қўлланиб келган. Нисбатан арзон, лекин юқори сифатли ёзув қоғозининг кўплаб ишлаб чиқарилиши фан, адабиёт ва санъатнинг ривожланишида муҳим омил бўлди. Шу туфайли турли шаҳарларда қўлёзма китоблар кўплаб тайёрлана бошлади.

Самарқанд қоғози тайёрлаш усули кўп асрлар давомида деярли ўзгаришсиз сақланиб келди. Амир Темур ҳамда темурийлар даврининг талайгина маълум ва машҳур қўлёзма китоблари шу қоғозда битилган. Қўлёзма китоб хаттот, наққош, музаҳҳиб, рассом ва саҳҳоф сингари қатор усталар ижодининг уйғунлигидир. Қўлёзма китобнинг бадиий безаклари кўпинча содда, камтарона бўлган. Китобда кўк, қизил, яшил, тилла ранг кўпроқ ишлатиларди.

Темурийлар даври бадиий қўлёзмалари орасида миниатюра билан безатилган китобдан ташқари, хаттотлар яратган ва нақш билан безатилган китоблар ҳам кўп эди. Ҳар бир ижодий гуруҳ турли усталарнинг ўз ижодий ғоя ва ўйларини Амир Темур даврининг юксак нафосат талабларига жавоб берадиган ягона бадиий воситалар ёрдамида ифода этишга интилишлари тўғрисида доим ғамхўрлик қилиб келган.

Музейнинг қўлёзмалар бўлимида жами 2500 та асарлар сақланиб, шулардан 47 таси жуда ноёб ҳисобланади. Уларнинг темурийлар даврига оид бўлгани эса қуйидагилардир: «Бадойи ус-саноий» асари. 1493 йил ёзилган, муаллифи-Атоуллоҳ Маҳмуди Хусайний. Форс тилида, настаълиқ хатида. Муқоваси теридан, жигаррангда. Муқова устида уч халқа бўлиб, ичида қуш тасвири бор. Жами 185 бетдан иборат. Саҳифаларида миниатюралар йўқ. «Юсуф ва Зулайҳо» асари. XVI аср. Муаллифи-Нозим ибн Шоҳризо Сабзаворий. Форс тилида, настаълиқ хатида, муқоваси картондан, қизғиш рангда. Ҳар бир сахифада матн уч қатор жойлашган. Асар Юсуф ва Зулайҳонинг муҳаббатига бағишланган. Саҳифаларида миниатюра йўқ. Китоб 1982 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида яшовчи фуқаро П.Тоштемировдан сотиб олинган. Жами 95 саҳифадан иборат. «Девони Навоий» 1511 йилда ёзилган. Муаллифи- Алишер Навоий, ўзбек тилида, настаълиқ хатида. Самарқандда, Нуротада кўчирилган. Ушбу Навоий девонида настаълиқ хатида ёзилган шеърий мисралар ўз ифодасини топган.