February 18, 2020

Республика ишчи гуруҳи Жиззахда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига дахлдор муҳим масалаларга тўхталган эди. Хусусан, давлатимиз раҳбари жиноятчиликка қарши курашиш муҳитини яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотларининг роли ва ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини уқтирганди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари республикамизнинг барча ҳудудларида бўлиб, ички ишлар органларининг тезкор хизмат фаолиятини ўрганиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришаётир. Ишчи гуруҳи аъзоларининг Жиззах вилоятига ташрифи Мирзачўл туманидан бошланди. Бу ерда тумандаги ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш билан бирга “Обод қишлоқ” дастури доирасида қилинган ишлар билан танишилди.

Жумладан, ишчи гуруҳи аъзолари Ўзбек-қозоқ маданият марказида бўлдилар. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 225 ўринли томоша зали ҳамда 16 та ўқув ва маъмурий хоналарга эга мазкур марказ 2018 йилда капитал таъмирланган. Бу ерда фаолият кўрсатаётган тўгаракларда 60 дан ошиқ чолғу асбобларида ёшларга мусиқадан сабоқ берилаётир.

Шундан сўнг ишчи гуруҳи 200 дан ошиқ иш ўрнига эга “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Бу ерда меҳмонларга корхона фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъуллари 7 миллиард сўм маблағ эвазига Мирзачўл тумани марказида 2018 йилда барпо қилинган давлат хизматлари маркази фаолияти билан ҳам танишдилар. Марказда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, адлия, ФҲДЁ, нотариус, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бюроси мавжудлиги аҳолининг мушкулини осон қилмоқда.

Меҳмонлар туман ҳокимлиги мажлислар зали ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мирзачўлтекс” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлишди. Саноат корхонасида ишчи гуруҳи вакилларига МЧЖнинг маҳсулот тайёрлаш имкониятлари ва бу борадаги салоҳиятни ошириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Шундан сўнг ишчи гуруҳи Арнасой туманига жўнаб кетди. Ишчи гуруҳ аъзолари Арнасой туманида дастлаб республика Ички ишлар вазирлиги ҳомийлигида ўтган йили барпо этилган ахборот-кутубхона маркази фаолияти билан танишдилар. Мазкур марказ қурилиши учун 1 миллиард 600 миллион сўм сарфланган. 50 минг дона китоб сиғимига эга кутубхонада 24 ўринли ўқув зали ҳамда яна шунча ўринли электрон адабиётлардан фойдаланиш хонаси мавжуд.

Ўқув залидаги компьютерлар интернет тармоғига уланиб, WI-FIдан фойдаланиш учун шароит яратилган. Айни вақтда марказдаги китоблар сони 9 мингтани ташкил қилади. Йил бошида яна 200 номдаги 500 нусха янги адабиётлар келтирилди.

Худди шундай, ишчи гуруҳ аъзолари Ички ишлар вазирлиги маблағлари ҳисобидан қисқа муддатда қуриб битказилган Арнасой тумани ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати биносидаги шарт-шароитлар билан танишдилар. Шунингдек, Арнасой тумани ички ишлар бўлими навбатчилик қисмида юзага келтирилган ситуацион марказ ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳининг технологик имкониятлари ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъуллари Пахтакор туманида ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш билан бирга ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Чунончи, улар “Обод қишлоқ” дастури доирасида 448 та янги типдаги турар жой барпо этилган Олтинкўл маҳалласида бўлдилар.

Айтиш жоизки, ушбу турар жойлар қурилишида ички ишлар органлари ходимлари фаол қатнашган. Жумладан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ва Пахтакор тумани ички ишлар бўлими томонидан 3 та кам таъминланган оилага турар жой қуриб берилди.

— Илгари икки оила бўлиб барак уйда яшаганмиз, аҳволимизни тасаввур қилаверинг, — дейди Олтинкўл маҳалласида яшовчи Малика Қосимова. — Ички ишлар органлари ходимлари ўтган йили барча шароитларга эга уй қуриб беришди. Бу саховатлари учун улардан чексиз миннатдорман.

Худди шундай, меҳмонлар мазкур маҳалладаги “Пахтакор барака чеварлари 2” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. 60 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатаётган ушбу корхона айни вақтда 6000 та тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъулларига яқин келажакда корхонада иш ўринлари сони 200 тага етказилиши маълум қилинди. Ишчи гуруҳи аъзоларининг кейинги манзили Жиззах шаҳри бўлди.

Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари Жиззах шаҳрида бўлишди. Хусусан, меҳмонлар Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штабидаги шароитлар билан таништирилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида жойлашган штаб 10 та хонага эга. Бу ерда фуқароларнинг аризаларини қабул қилиш ва улар билан суҳбатлашиш учун барча қулайликлар яратилган.

Тадбир давомида вилоятда жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишида фаоллик кўрсатаётган давлат ва жамоат ташкилотларининг 8 нафар вакилларига Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Шундан сўнг меҳмонлар штабда 34 гектар майдонга эга “Ўрда” ёшлар экологик боғини назорат қилиш имконини берувчи ситуацион марказда бўлдилар. Айни вақтда 78 та видео қурилмалар орқали ҳудуд кузатилмоқда. Тез орада бундай ускуналар сонини 138 тага етказиш кўзда тутилган.

Меҳмонлар “Ўрда” ёшлар экологик боғида амалга оширилаётган қурилиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан таништирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъуллари боғдаги 3- сектор учун ажратилган майдонга манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишди.

Тадбир доирасида Жиззах шаҳрида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркиби, Жиззах шаҳар ИИОФМБ профилактика инспекторлари ва уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ёрдамчилари, Миллий гвардия ҳудудий ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кечки йўриқнома ўтказилди. Йиғилишда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди ва мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди. Бинобарин, вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг иштироки ҳамда йил бошидан буён қонунбузарликлар профилактикаси бўйича қилинаётган ишлар тилга олинди.

Шундан сўнг Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига республика ИИВ томонидан ажратилган 11 та хизмат автоуловлари топширилди. Тадбирда сафдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ профилактика инспекторлари ҳамда уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ёрдамчиларининг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг қимматбаҳо совғалари топширилди. Тадбир якунлангач ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматлари тунги хизматни ўташ учун жўнаб кетдилар.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати